Ўзбекистон | 12:22 / 29.04.2020
16953
5 дақиқада ўқилади

ДСҚ ҳомийлар пандемия даврида қандай имтиёзларга эга бўлганини тушунтириб берди

Аҳоли ва тадбиркорликка кўмаклашишнинг янги меъёрлари қабул қилинди.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Президент “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга кўра, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар “Маҳалла” хайрия жамоат фондига, “Саховат ва кўмак” фондига, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган пул маблағлари ва товарлар (хизматлар):

фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади (15 фоиз);

ҚҚСдан озод этилади (15 фоиз);

айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмайди (4 фоиз).

ДСҚ матбуот хизмати бу қандай ишлашини тушунтириб берди.

1-мисол. Корхона томонидан фармонда кўрсатилган хайрия жамғармалари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга 100,0 млн. сўмлик маблағ ўтказилди ёки озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Бунда, корхона фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда харажатларини 100 сўмга оширади. Натижада, корхона томонидан тўланадиган фойда солиғи (100 х 15 фоиз) 15 млн. сўмга камаяди.

2-мисол. Корхона томонидан ишлаб чиқарилган 500 млн. сўмлик ун маҳсулотлари “Саховат ва кўмак” фондига беғараз берилди. Ушбу фондга берилган маҳсулотларга қўшилган қиймат солиғи солинмайди. Натижада, корхона ҚҚС бўйича (500 х 15 фоиз) 75 млн. сўм имтиёзга эга бўлади.

3-мисол. Корхона томонидан ишлаб чиқарилган 30 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари “Маҳалла” хайрия жамоат фондига беғараз берилди. Ушбу фондга йўналтирилган 30 млн. сўмлик маҳсулотларга айланмадан олинадиган солиқ солинмайди. Натижада, корхона айланмадан олинадиган солиқни тўлашда (30 х 4 фоиз) 1,2 млн. сўм имтиёзга эга бўлади.

 Президентнинг ПФ-5978-сонли фармони билан пандемия фаолиятига салбий таъсир қилган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга 2020 йил 1 октябргача айрим солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилган эди.

Янги фармон билан фоизсиз кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этиш муддати 2020 йил 31 декабргача узайтирилди.

Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) берилган ва келгусида тўланадиган солиқ суммаларини тўлаш бўйича муддатни мустақил равишда белгилашга ҳақли, бироқ муддат икки йилдан ошмаслиги лозим.

Бундан ташқари, лизинг корхоналари томонидан ҳисобланган ва кечиктирилган лизинг бўйича фоиз даромадлари суммаси, фойда солиғини ҳисоблашда кечиктириш берилган даврдаги жами даромад таркибига киритилмайди.

Агар лизинг компанияси кимгадир 1 октябргача лизинг бўйича тўловларни кечиктириш имконини берган бўлса, у ҳолда ушбу кечиктириш даврида лизинг компаниясидан фоизлар бўйича фойда солиғи олинмайди.

 Фармонга кўра жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Саховат ва кўмак" жамғармаси, "Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фонди, юридик ва жисмоний шахслардан беғараз ёрдам сифатида олган даромадлари, агар улар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган бўса, жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди.

4-мисол. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рўйхатига киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога "Саховат ва кўмак" жамғармасидан моддий ёрдам сифатида 1 миллион сўм маблағ ёки озиқ-овқат берилган.

Фуқароларнинг моддий ёрдам тарзида олган даромадларига даромад солиғи ҳисобланмаслиги сабабли, ушбу 1 миллион сўм даромаддан фуқаролар (1,0 х 12 фоиз) 120 минг сўм миқдорида имтиёзга эга бўладилар.

Фармон билан 2020 йилда ходимга тўланадиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5-бараваригача оширилди.

5-мисол. Корхона ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ходимларига пандемия сабабли, 2,2 млн. сўмдан моддий ёрдам берди. Бунда, ҳар бир ходимнинг моддий ёрдам суммаси бўйича солиққа тортилмайдиган даромадлари 2,2 млн. сўмга кўпаяди ва даромад солиғидан (2,2 х 12 фоиз) 267 минг сўм имтиёзга эга бўлади.

Жисмоний шахсларга турар жойларни жисмоний шахсларга ва нотурар жойларини коронавирус пандемияси даврида фаолиятини тўхтатган тадбиркорларга ижарага беришдан олган даромадлари бўйича даромад солиғини фоизсиз кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Бунда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тўланиши кечиктирилган сумма 2021 йил 1 апрелга қадар тенг улушларда тўланиши лозим.

Мавзуга оид