Жаҳон | 22:00 / 30.04.2020
44287
2 дақиқада ўқилади

Россия бош вазири Михаил Мишустин коронавирус юқтириб олди

Россия бош вазири Михаил Мишустинда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бош вазир бу ҳақда президент Владимир Путинни хабардор қилган.

Фото: Дмитрий Духанин / «Коммерсант»

«Коммерсантъ» нашрининг хабар беришича, у баланд ҳарорат билан касалхонага ётқизилган.

Мишустин самоизоляция режимига риоя этишини маълум қилган. У Россия ҳукумати раҳбари вазифасини вақтинча бажариш учун ўзининг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов номзодини таклиф этган.

«Ҳозиргина мен коронавирус инфекциясини аниқлаш учун топширган тестларим мусбат натижа бергани маълум бўлди. Шу сабабли «Роспотребнадзор» талабларига кўра ҳамкасбларимнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мен ўз-ўзимни изоляция қилиш қоидаларига, врачларнинг кўрсатмаларига амал қилишим керак», деган бош вазир. Мишустин ва Путиннинг видеоалоқа орқали суҳбати «Россия 24» телеканали эфирида кўрсатилган.

Мишустин Путинни ҳукумат ўз фаолиятини фаоллик билан давом эттириши ва ўзи ҳам доимий алоқада бўлиб туришини билдирган.

Путин ҳам ўз навбатида Мишустинга тезда соғайишни тилаган ва унинг таклифи билан Белоусов вақтинча бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланишига розилик билдирган. Кўп ўтмай уни бош вазир вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлаш тўғрисидаги фармон имзоланган.

РФ бош вазирининг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов
Фото: Reuters

«Сизга тезроқ тузалишингизни тилайман, тузалиб саломат бўлинг. Сиз ўз формангизни сақлаб қолиб, фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича ечимлар ишлаб чиқишда қатнашасиз деб умид қиламан», деган Путин.

Мавзуга оид