Тошкентда коронавирусга чалиниб, оғир аҳволда туғруқхонага ётқизилган аёл фарзандли бўлди
Тошкент шаҳрида оғир юрак хасталиги билан оғриб келган, 9 апрель куни шифохонага ётқизилган хомиладор аёл 1 май куни ўғилли бўлди. Туғруқдан кейин она ва боланинг аҳволи яхши.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, пойтахтлик 24 ёшли У.Б. биринчи ҳомиладорлиги бўйича оилавий поликлиникада рўйхатда турган. Бундан олдин, 2017 йилда туғма юрак нуқсони туфайли юрагида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
«У шу йилнинг 9 апрель куни Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонасининг туғруқ бўлимига «Ҳомиладорлик 1. 32-33 ҳафта. Ўткир респиратор касаллиги» ташхиси билан келган. Тиббиёт муассасасида коронавирус инфекциясига текшириш учун суртма олинган. 10 апрель куни таҳлил натижаси мусбат экани аниқланган.
Шундан сўнг ҳомиладор аёлга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида пойтахтимиздаги 3-сон туғруқ комплексига оғир аҳволда ўтказилган.
Туғруқ мажмуасида тор мутахассислардан: кардиохирург, кардиолог, пульмонолог, инфекционист, терапевт, анестезиолог-реанематолог ва акушер-гинекологлар томонидан аёл тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарурий текширувлардан сўнг керакли даволаш чора-тадбирлари белгилашди.
Кардиохирург томонидан туғруқни жарроҳлик йўли билан амалга ошириш тавсия қилинди. Бугун эрталаб бемор аёл вазни 3 150 грамм, бўйи 52 сантиметр бўлган ўғил бола чақалоқни дунёга келтирди.
Фидойи шифокорларимизнинг тажрибаси сабаб мураккаб жарроҳлик амалиёти асоратсиз ўтиб, муваффақиятли якунланди», – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳозирда аёлнинг ва янги туғилган чақалоқнинг аҳволи яхши, улар шифокорларнинг қатъий назорати остида.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024