Жаҳон | 07:07 / 02.05.2020
12414
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Chevrolet Labo негизида дезинфекцияловчи автомобиллар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди 

Қозоғистоннинг “СарыаркаАвтоПром” корхонасида Chevrolet Labo модели негизида кўчаларни дезинфекциялаш ва стериллаш тизими билан жиҳозланган автомобиллар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

Фото: inform.kz

Компанияда коронавирус тарқалиши олдини олиш учун жамоат жойларини зарарсизлантириш эҳтиёжи мавжудлиги сабабли дезинфекцияловчи автомобиллар ишлаб чиқаришга қарор қилинган. Бу ҳақда корхона матбуот хизматида маълум қилинган.

28 мартда Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин иштирокида “СарыаркаАвтоПром”нинг Қўстанайдаги заводида “Ўзавтосаноат” АЖ билан ҳамкорликда Chevrolet автомобиллари ишлаб чиқарилишига старт берилганди.  

“Ҳозирги фавқулодда вазият шароитлари эътиборга олиниб, компанияда илк Labo автомобилларини дезинфекцияловчи тизимлар билан жиҳозлашга қарор қилинди”, дейилган компания хабарида. 

Labo кичик ўлчамларга эгалиги ва тор жойлардан ҳам ўта олиши ҳамда 560 кг.гача юк кўтара олиши ҳисобга олиниб, 500 литрлик дезинфектор (дезинфекцияловчи қурилма) билан жиҳозланган.

Қурилманинг зарарсизлантирувчи аралашма солинадиган баки бир тўлдирилганда 5 гектардан 10 гектаргача майдонни зарарсизлантиришга имкон беради.

Қурилмадаги иккита турғун пуркагич зарарсизлантирувчи аралашмани 5 мертгача пуркай олади, яна иккита дастаги пуркагич автобус бекатлари ёки кўчалардаги ўриндиқларга ишлов бериш имконини беради.

Айни вақтда бундай автомобиллар Қарағанда, Оқмала вилоятлари ва Олмаота шаҳри коммунал хизматлари томонидан қўлланмоқда.

Мавзуга оид