Жамият | 16:16 / 02.05.2020
23365
4 дақиқада ўқилади

Ризқингиз баракали бўлишини истайсизми?

Фото: KUN.UZ

Аллоҳ таоло Ерда Одам болаларини Ўзига ўринбосар қилишни ирода қилар экан, уларнинг бахтиёр, фаровон ҳаёт кечиришлари учун кўрсатмаларни ҳам бериб қўйдики, уларга амал қилган одам албатта бу дунёда хотиржам ва бахтли яшаши шубҳасиз. Абадий охират диёрида эса, жаннатга ҳам эришади.

Бу дунё ҳаётида кўпчилигимизни энг кўп қизиқтирадиган ва ташвишга соладиган нарса, шубҳасиз, ризқ масаласидир. Одамларнинг аксари ризқ дея, ҳалол ёки ҳаром йўлнинг қай бири орқали бўлсин, унга эришиш ва уни кўпайтириш қайғуси билан яшайдиган бўлиб қолган. Ҳатто, ризқ талашган яқинлар, ака-укалар, қариндош-уруғлар ўртасида низолар чиқиб, юз кўрмас бўлиб кетаётганларини эшитмоқдамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда, ҳар бир жонзот борки, ризқи Ўзининг зиммасида эканлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, биз ризқ тушунчасини ҳам яхши англаб етмоғимиз даркор. Ризқ бу фақатгина пул ва молу дунёни англатмайди, балки одамзоднинг бошига келадиган барча яхши ва ёмон нарсаларнинг ҳаммаси ризқдир.

Мисол учун турмуш қуриш, фарзандли бўлиш, яхши соғлиққа ва хотиржам ҳаётга эга бўлиш, ёки аксинча бирор бир хасталикка чалиниш, бир қийинчилик-мусибатни бошдан кечириш, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан берилган ризқдир.

Ҳадисларда келганидек, одамзод она қорнида 120 кунлик бўлганида фаришталар унинг бу дунёда қандай ризққа эга бўлишини ёзиб қўйишар экан. Шу билан, баъзи бир инсонлар бахтли ва хотиржам ҳаётга кўп пулга, бойликка эга бўлиш орқали эришиш мумкин, деб ўйлайдилар. Лекин инсон пули қанчалик кўпайгани сари, унинг ғамлари ҳам кўпайиш эҳтимолини ҳам унутмаслик лозим.

Ризқнинг кўп бўлиши унинг баракали эканлигини, ёки аксинча, барака ризқнинг мўл-кўллигида эмас. Ризқнинг баракали ёки баракасиз бўлиши бир хил миқдордаги ризқдан олинадиган манфаатнинг давомий ва кўп бўлиши ёхуд бўлмаслиги билан белгиланади.

Аллоҳ таоло Раъд сураси 26-оятида:

«Аллоҳ хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаганиникини) тор қилур. Улар бу дунё ҳаёти ила шод бўлдилар. Ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ, холос», - дея, истаган бандасининг ризқини кенг қилишини, хоҳлаган бандасининг ризқини тор қилиши билдирар экан, инсонларга ризқни кўп ва баракали бўлиш йўлларини Қуръони Карим ва ҳадислар орқали таълим беради.   

Ризқнинг баракали бўлишига эришиш мумкинми?

  • Аллоҳга тақво қилиш, яъни Унинг буюрган амалларини бажариш ва қайтарган нарсалардан йироқ бўлиш. 
  • Кўп истиғфор айтишлик ва тавба қилишлик билан ризқнинг баракали бўлишига эришилади;
  • Силаи раҳим, яъни қариндош-уруғчилик ришталарини боғлаш, уни давом эттириш кишининг умри ва ризқи барокатли бўлиши омилларидир;
  • Доимий садақа қилиш, чунки оз бўлса-да давомли солиҳ амал Аллоҳга мақбул бўлган амаллардан ҳисобланади;
  • Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишлик ва ҳар бир неъмат Аллоҳ тарафидан эканлигини эътироф этишлик;
  • Бошқаларга меҳрибонлик кўрсатиш ва қўлдан келганча ёрдам беришлик.
  • Ҳар бир ишни бошлашда Аллоҳ номи билан, яъни Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм деб бошлаш;
  • Ҳадисларда келтирилган зикрларни доимий айтиб юришлик (эрталаб ва кечқурун ўқиладиган зикрлар ҳам шулар жумласидан). 

Мавзуга оид