Жамият | 18:26 / 06.05.2020
10264
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганларнинг қон зардоби орқали беморларни даволаш усули қўллаб кўрилди

Ўзбекистонда ҳам коронавирусдан соғайганларнинг қон зардобидан вирус юқтирган бошқа беморларни даволашда фойдаланиш усули Вирусология институти клиникасида икки нафар беморда қўллаб кўрилди, лекин унинг самараси тўғрисида гапиришга ҳали эрта.

6 май куни АОКАда ўтказилган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов қон зардоби орқали беморларни даволаш тўғрисида маълумот берди.

«Чет давлатларда коронавирусдан тузалган беморларнинг қонидан олинган зардобдан даволаш усули сифатида фойдаланиш ўрганиб чиқилмоқда. Ўзбекистонлик шифокорлар ҳам бугунги кунда бу усулни қўллашга тайёр. Зардоблар ҳам олинган», дея таъкидлаган Ҳабибулло Оқилов.

Унинг қайд этишича, қон плазмаси орқали даволаш усули бемор ўта оғир ҳолатда бўлганда ёки унга бошқа барча даволаш усуллари ёрдам бермаган ҳолатларда асосий кўрсатма саналади. Шу билан бирга, бу даволаш усулида донор билан реципиент қон гуруҳи ва резус бўйича ҳам бир-бирига мос келиши лозим.

«Ўзбекистонда ҳам коронавирусдан соғайганларнинг қон зардобидан вирус юқтирган бошқа беморларни даволашда фойдаланиш усули Вирусология институти клиникасида икки нафар беморда қўллаб кўрилди, лекин унинг самараси тўғрисида гапиришга ҳали эрта»,деди Ҳабибулло Оқилов онлайн брифингда.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойининг биринчи ярмида Ўзбекистонда коронавирус беморларини даволаш учун соғайиб кетганларнинг қон зардобидан антитела мақсадида фойдаланилиши йўлга қўйилиши ҳақида маълумот берилган эди.

Мавзуга оид