Жаҳон | 21:16 / 07.05.2020
2908
2 дақиқада ўқилади

Покистонда ўзини изоляциялаш режими босқичма-босқич бекор қилинади 

Покистонда 9 майдан коронавирус пандемияси сабабли жорий қилинган ўзини изоляциялаш режими бекор қилинади. Бу ҳақда Покистон бош вазири Имрон Хон маълум қилди.  

Фото: AFP

“Биз буни босқичма-босқич қилишга қарор қилдик, чунки кўплаб одамлар қийинчиликларга дуч келмоқда ва биз бу режимни давом эттира олмаймиз”, деб айтган Хон Миллий мувофиқлаштириш қўмитаси йиғилишида.

“Биз ривожланаётган давлат ҳисобланамиз ва давлатни узоқ вақт ёпиқ ушлай олмаймиз. Экспортимиз пасайиб кетди. Бизда чекланган маблағлар бор эди ва биз уни одамлар фаровонлиги учун сарфлаб бўлдик. Биз изоляциядан жабрланган барчага ёрдам бера олмаймиз”, деб қўшимча қилган Покистон бош вазири. 

У коронавирусга чалиниш хавфи сақланиб қолаётганини таъкидлаб ўтган ва аҳолини ҳукумат кўрсатмаларига амал қилишга чақирган.

Покистонда қурилиш билан боғлиқ барча соҳаларни очишга қарор қилинди. Шунингдек, пўлат қуювчи ва алюминий заводлари ва бошқа ишлаб чиқариш цехлари очилади. Бозорлар ҳафтасига 5 кун очиқ бўлади ва соат 17гача ишлайди. Бироқ темир йўл ва авиаалоқа ҳали ҳам тақиқлов остида қолади.

Май бошида Покистоннинг режалаштириш ва ривожланиш вазири Асад Умар иқтисодий инқирозга йўл қўймаслик учун чекловларни секин-аста бекор қилишга чақирган. У пандемия оқибатида 18 млн.гача покистонлик ишини йўқотиши, 70 млн.гачаси ночорликда қолиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган. 

Охирги маълумотларга кўра, Покистонда коронавирусга чалинганлар сони 24 мингдан кўпроқни, вафот этганлар сони 585 нафарни ташкил қилмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид