Жаҳон | 04:25 / 19.05.2020
41404
2 дақиқада ўқилади

«Унинг аҳволи жуда оғир» — Ҳабиб Нурмагомедов коронавирус юқтирган отаси ҳақида гапирди

Аралаш жанг санъати бўйича жаҳон чемпиони, доғистонлик Ҳабиб Нурмагомедов саломатлиги оғир аҳволда қолаётган отасининг ҳолати ҳақида гапирган.

Ҳабибнинг отаси Абдуманноб Нурмагомедов коронавирус инфекциясини юқтириб олган экан. Спортчининг сўзларига кўра, COVID-19 касаллиги юракка асорат берган (Ҳабибнинг отаси бир йил муқаддам юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказган эди).

«Бизнинг Доғистонимизда аҳвол жуда оғир, қайғули. Касалхоналар тўлган. Кўплаб инсонлар вирусдан касалланган, кўплари ўлган. Ҳозир биз ҳар доимгидан ҳам кўпроқ бирлашишимиз керак.

Отам айни дамда шифохонада. Унинг аҳволи оғир. Вирус инфекцияси фонида унинг юрагига оғирлик тушган, бир йил муқаддам отамнинг юргани операция қилинган эди. Ҳозир у янгидан операцияни бошидан кечирди. Айни дамда аҳволи жуда оғир. Аллоҳдан уни бизга қайтариб беришини сўраймиз.

Менга ёзаётган, қўллаб-қувватлаётган, Аллоҳдан отамнинг саломатлигини сўраётган барчага ташаккур. Аллоҳ барчамизга мададкор бўлсин. Барчамизни Аллоҳ ўз ҳифзу-ҳимоясида асрасин. Яна бир бор барчаларингизни муқаддас байрамимиз, келаётган ҳайит билан табриклайман.

Врачларнинг кўрсатмаларига амал қилинг. Ислом оламидаги нуфузли одамларнинг айни шароитда ибодатларни уйда бажариш ҳақидаги кўрсатмаларига итоат этинг. Байрамни ҳам ўз уйингизда ўтказинг.

Келинглар, биродарлар, бутун тарихдан машҳур бўлиб келган ўз жасоратимиз, характеримиз, сабримиз, интизомимизни намойиш этайлик». 

Россиянинг Доғистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат мураккаблигича қолмоқда. Республикада расман 3460 киши вирус юқтирган. 1807 киши тузалган. Доғистонда шифокорлар орасида коронавирус юқтириб вафот этиш ҳолати 40 кишини ташкил этмоқда. Бироқ расмий статистика жами ўлимлар сони 29 тани ташкил этаётганини қайд этмоқда.

Россия президенти ҳам Доғистонда коронавирусдан ўлим ҳолатлари юқори эканлигини қайд этган. Бунга сабаб сифатида Путин врачларга кеч мурожаат қилиш ва ўзини ўзи даволашга ҳаракат қилишни келтирган. 

Мавзуга оид