Жаҳон | 12:58 / 20.05.2020
27240
7 дақиқада ўқилади

Бразилча «рус рулеткаси»: Жанубий Америка давлати қандай қилиб учинчи ўринга чиқиб олди?

Бразилиянинг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Сан-Паулуда соғлиқни сақлаш тизими ўз имкониятларидан ортиқ ишлашга мажбур бўлмоқда: мэр Бруну Коваснинг маълум қилишича, коронавирусга чалинган беморлар оқими туфайли интенсив терапия бўлимлари палаталарида бўш жой қолмаган.

Фото: AFP/GETTY IMAGES

Унинг огоҳлантиришича, шаҳардаги шифохоналар 90 фоизга тўлган ва яқин вақт ичида умуман бўш жой қолмаслиги мумкин.

У карантин чораларини менсимаганларни «рус рулетка»си ўйнаб, бошқаларнинг ҳаёти билан ўйнашишда айблаган.

Сан-Паулу - Бразилиянинг коронавирусдан энг кўп жабр кўрган ҳудуди. Бу ерда ҳозиргача 3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Аммо бу вазият ўта оғир бўлган ягона ҳудуд эмас. Ўлим ҳолатлари сони кўплиги бўйича Сан-Паулудан кейинги ўринда Рио-де-Жанейро бормоқда, бу шаҳардаги шифохоналарда ҳам реанимация хоналарида бўш жойлар етишмовчилиги кузатилмоқда.

Шунингдек, Амазонка ҳавзасидаги Манаус шаҳри ҳам Жанубий Америкадаги йирик ўчоқлардан бирига айланган. 15 май ҳолатига кўра, бу шаҳарда коронавирус тасдиқланган ҳолатлар 18 мингдан ошиқ эди, шифохоналар тўлиб-тошган, вафот этганлар умумий қабристонларга кўмилмоқда.

Эпидемия айниқса Амазониянинг туб аҳолиси учун катта хавф солмоқда, шаҳарлардан узоқда жойлашган ҳудудлар аҳолиси тиббий ёрдамлардан фойдаланиши жуда қийин.

Шанба куни Бразилия коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича Испания ва Италияни ортда қолдирганди, сешанба куни эса Буюк Британия ҳам ортда қолдирилди ва бу мамлакат жаҳон рейтингида АҚШ ва Россиядан кейинги учинчи ўринда жойлашган.

АҚШнинг Жонс Ҳопкинс университети тақдим этган статистик маълумотларга кўра, 19 май куни яна 16,5 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланди ва жами ҳолатлар сони 272 мингга яқинлашди (Айни вақтда АҚШда тасдиқланган ҳолатлар сони 1,5 миллиондан ортган, Россияда 300 мингдан ошган). Шу вақтгача 17 983 нафар бразилиялик коронавирус қурбонига айланган. Сўнгги бир кунда 1179 киши вафот этган ва бу кунлик ўлимлар сони бўйича ҳозирча энг юқори натижадир. Ўлим кўрсаткичлари бўйича Бразилия АҚШ, Буюк Британия, Италия, Испания ва Франциядан кейинги  олтинчи ўринда.

18 майда бразилиялик тиббиёт эксперти Доминго Алвес мамлакатда касалланганлар сонининг жадал суръатларда ўсиб бораётганидан хавотирда экани ва рақам 3,5 миллионга чиқиши мумкинлигини билдирган. Унинг фикрича, ҳукумат барча беморларни аниқлаш учун тестларни етказиб бера олмайди. У расмий статистика ҳам асли вазиятни ифодалай олмаслигини билдирган.

Мамлакат президенти Жаир Болсонару Бразилияда ҳам, хорижда ҳам кескин танқид қилинмоқда, у ҳозиргача қатъий карантин жорий этишга қарши бўлиб келмоқда.

Якшанба куни ўз тарафдорлари ва уларнинг фарзандлари билан мамлакат пойтахти Бразилияда суратга тушиб, у яна бир бор очиқчасига ижтимоий масофа сақлаш бўйича тавсияларни инкор этди.

Жаир Болсонару ижтимоий масофа сақлашга қарши / EPA

Сан-Паулу мэри нима деди?
Сан-Паулу шаҳри мэри Бруну Ковас Сан-Паулу губернатори билан штатда қатъий карантин чоралари жорий этишни муҳокама қилган. Шифохоналарда жой танқислиги бошланган вақтда мутасаддилар қатъий чекловлар орқали касаллик тарқалишини тийиб туришни режалаштиришмоқда.

Полиция губернаторга бўйсунади, шундай экан бу вазиятда унинг қўллови ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Мэр фуқаролардан уйда қолишни сўраган. Унинг сўзларига кўра, шаҳар «темпни тушириши керак».

«Ишониш қийин, кимдир одамлар ҳаёти билан ўйнашиб, «рус рулеткаси» ўйнашни афзал кўрди. Бошқаларнинг ўлимига бундай бефарқ бўлиш жуда номуносиб ишдир», деган Ковас.

Сан-Паулуда 12 миллионга яқин киши яшайди, ҳукумат вакиллари маълум қилишича, уларнинг аксари ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига риоя этмаяпти.

Кейти Уотсон, BBC’нинг Лотин Америкаси бўйича мухбири
Сан-Паулу штатида тахминан икки ой муқаддам карантин жорий этилганди: корхоналар, мактаблар ва жамоат жойлари ёпилган, аҳолидан уйда ўтириш сўралганди.

Аммо карантин қоидаларини бузганлар учун ҳеч қандай санкциялар мавжуд эмас. Дам олиш кунларида шаҳар аҳолиси пляжларга боришни давом эттирди ва атрофдаги ҳудудлар аҳолиси бундан қаттиқ безовта.

Шунингдек, жамоат жойларида тиббий ниқобда юриш тартибига ҳам деярли амал қилинмади. Якшанба куни мен кўчаларда тўп-тўп бўлиб югуриб юрган ёки велосипедларда сайр қилаётган одамларни кўрдим. Уларнинг бир қисми умуман ниқоб таққан, қолгани ниқобни бўйнига тушириб олганча гаплашиб кетишарди. Бу ерда вирусга жиддий қарашмаяпти.

Одамлар Европа босқичма-босқич очилаётганини кўришмоқда ва сабрсизлик билан бу ерда ҳам қачон карантин бутунлай тугашини сўрашмоқда. Аммо мэр дам олиш кунларида маълум қилдики, шаҳарда маълум вақт ҳаёт тўхташи керак. Яқин кунларда қатъий карантин жорий этилиши кутилмоқда.

Сўнгги ҳафтада қайд этилган ҳолатлар сони бўйича Бразилия Россиядан ҳам олдинда

Президент нима қилмоқда?
Жаир Болсонару карантин жорий этилишига қаршилик қилишда давом этмоқда, унинг сўзларига кўра бундан фақат мамлакат иқтисодиёти зарар кўради.

Март ойидаги нутқида у мэрлар ва губернаторларни чекловлар жорий этмасликка чақирганди: «Ҳаётимиз давом этиши керак. Иш жойлари сақлаб қолиниши керак. Биз нормал ҳаётга қайтишимиз керак».

Президент корхоналар ва мактаблар ёпилиши, жамоат транспортида ҳаракатланиш тўхтатилишини «ўт қўйилган замин» сиёсати деб атаганди.

Мамлакатда кундан кунга вирус тарқалиши тезлашиб борди, аммо Болсонару қўрқишга ҳожат йўқлигини таъкидлаб келди.

«Спорт билан шуғулланганимни ҳисобга олсак, менда ташвишланишга сабаб йўқ. Агар мен вирусдан зарарлансам ҳам, ҳеч нарсани ҳис қилмайман ва енгил  гриппдек ўтказиб юбораман», деганди у.

Апрель ойида Жаир Болсонару карантинни бекор қилиш талаб қилиб ўтказилган намойишларда қатнашди. У доимий равишда чекловлар иқтисодиётга зарар бериши, ишсизлик ва очлик юзага келишини айтиб келган.

Ўтган ҳафтада Бразилия соғлиқни сақлаш вазири Нельсон Тейч истеъфога чиқди. У бу лавозимда бир ой ҳам ишламади. У президентнинг фитнес-заллар ва гўзаллик салонлари фаолиятига рухсат бериш тўғрисидаги фармойишини қаттиқ қоралади. Тейчдан аввалги вазир ҳам Болсонару билан бу масалада келиша олмагани туфайли ишдан кетганди.

19 май куни Бразилия Конгресси жамоат жойларида тиббий ниқобда ҳаракатланишин мажбурий қилиб қўйиш назарда тутилган қонунни маъқуллади. Унга кўра, қоидабузарлар 50 доллар миқдорида жаримага тортилади.

Қонун энди Сенат томонидан тасдиқланиши керак, кейин президент Жаир Болсонаруга имзолаш учун киритилиши мумкин.

Мавзуга оид