Жаҳон | 01:36 / 20.05.2020
26288
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги чўл кўп йиллик саъй-ҳаракатлар эвазига яшил воҳага айланди

Хитойнинг 4 та асосий чўлларидан бири бўлган Му-Ус чўли мамлакат шимоли-ғарбидаги Шэньси провинцияси харитасидан “йўқолди”, чунки унинг 93 фоиздан кўпроқ қисми яшил воҳага айлантирилди.

Фото: CGTN

Чўл 42200 квадрат километр майдонни эгаллаган. Аввал бу майдонда на дарахтлар ва на қишлоқ хўжалиги ерлари бўлган. Шамол ва чўлдан келган қум бўронлари туфайли чўл чеккасида жойлашган Юйлинь шаҳри уч марта жануброққа кўчишига тўғри келган.

Маҳаллий аҳоли қум бўронларини тўхтатиш учун 1959 йилдан бошлаб дарахтлар ўтқаза бошлаган. Натижада кўп йиллик саъй-ҳаракатлар яшил майдоннинг шимол, яъни чўл томон 400 кмга кенгайишига олиб келган.

“Чўл харитадан йўқолди, деганда бўм-бўш ерлар бугунги кунда йўқолганини назарда тутмоқдамиз. Агар ўз саъй-ҳаракатларимизни давом эттирсак, қолган 30 минг гектар чўл ҳам йўқолади”, деб айтган провинциянинг ўрмонлар бўйича бюроси раҳбари Дан Шуанжэнь.

Таъкидланишича, 1950-йилларда Юйлинь шаҳрининг ўрмон билан қопланганлиги даражаси бор-йўғи 0,9 фоизни ташкил қилган, ҳозирда бу кўрсаткич 33 фоизга етган.   

Ҳозирда маҳаллий аҳоли коронавирус пандемияси сабабли йўқотилган вақтнинг ўрнини қоплаш учун бор имкониятни ишга солмоқда: май охиригача қолган чўл ҳудудининг 400 гектарига дарахтлар экиш мақсад қилинган.

Мавзуга оид