Жаҳон | 01:36 / 21.05.2020
32689
2 дақиқада ўқилади

АҚШ суди илк бор “Титаник” кемаси корпусини очишга рухсат берди 

АҚШ суди 1912 йил апрелда Атлантика океани тубига ғарқ бўлган афсонавий “Титаник” кемаси корпусини илк бор очишга рухсат берди. Бу авваламбор кема билан бирга чўкиб кетган Marconi фирмасининг симсиз радиоузатгичини сиртга чиқариш учун амалга оширилади.

Фото: Instagram /Reprodução

Фожиадан 100 йил ўтиб, 2012 йил апрелда кема сув ости маданий меросини муҳофаза қилиш ҳақидаги конвенцияга мувофиқ ЮНЕСКО муҳофазасига олинганди.

Кема корпусини очишга рухсатни чўкиб кетган кемаларни сув сиртига чиқариш билан шуғулланувчи RMS Titanic компанияси олган. Айнан шу компания кемани 1994 йилда биринчи бўлиб аниқлаган. 

Афсонавий “Титаник” корпусини очиш, биринчи навбатда, у билан бирга чўкиб кетган Marconi фирмасининг симсиз телеграфини сиртга чиқариш учун амалга оширилмоқчи. Айнан шу телеграфдан кема чўкаётган вақтда фалокат сигнали жўнатилган. Таъкидланишича, ушбу қурилма кема чўкишининг баъзи тафсилотларига ойдинлик киритиши мумкин. Мисол учун, нима учун кема у томон яқинлашиб келаётган айсберглар ҳақидаги огоҳлантирувчи хабарлар олганига қарамай, максимал тезликда ҳаракатланишни давом эттиргани ҳанузгача сир бўлиб қолмоқда. 

Тадқиқотчилар ҳозиргача кемани фақат ташқи томонидан кўздан кечиришган. RMS Titanic 30 йил давомида кемадан турли буюмларни сиртга чиқариб келган. Судья Ребекка Бич Смитнинг таъкидлашича, телеграф тарихий ва илмий қийматга эга. Агар у чиқариб олинмаса, кема бўлаклари остида абадий қолиб кетиши мумкин.

2019 йилда АҚШ ва Британия ўртасида икки давлатга қарашли компанияларга “Титаник” чўккан жойда мутасадди идораларнинг махсус рухсатлари билан ишлар олиб бориш ҳуқуқини берувчи келишув кучга кирган. 

Кема денгиз организмлари томонидан шикаст етказилаётгани сабабли тобора емирилиб бормоқда. Олимларнинг фикрича, кеч бўлмасдан, тарихий аҳамиятга эга буюмларни кемадан яқин 10-15 йил ичида чиқариб олиш лозим.

1912 йил 10 апрелда Британиянинг Саутгемптон шаҳридан АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрига йўл олган “Титаник” ўзининг илк ва охирги рейси вақтида 14 апрелдан 15 апрелга ўтар кечаси айсберг билан тўқнашувдан кейин океан тубига ғарқ бўлган. Фожиа 1,5 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Мавзуга оид