Фан-техника | 11:51 / 21.05.2020
17807
10 дақиқада ўқилади

iPhone қулфини бузиш орзусида. АҚШ Apple’ни Россия ва Хитойга ишлашда айбламоқда

Дунё мобил оламига iPhone орқали инқилоб қилиб кириб келган Apple кўп марта можароларга аралашиб қолган. Муаммо бўлганда ҳам бутун бошли мамлакатларнинг хавфсизлик ташкилотлари билан терроризм масалаларидаги муаммолар. АҚШда Apple’ни яна айблаб чиқишди.

Фото: Getty Images

Мамлакат бош прокурори Уильям Барр 18 май куни Apple авторитар тузумдаги Хитой ва Россия каби давлатлар билан ҳамкорлик қилишини маълум қилди. Шунингдек, прокурор авторитар тузумлар билан ҳамкорлик қилаётган Apple ўзи жойлашган АҚШга ёрдам беришни истамаётганини айтди.

Бутун бошли мамлакатларнинг хавфсизлик хизматлари бузиб киролмайдиган даражадаги ҳимоя тизимига эга iPhone фойдаланувчилари бу ҳолатда иккиланиб қолишди. Улар бир томондан ҳатто МРБ аппаратларини бузиб киролмаслигидан хурсанд бўлишса, бошқа томондан АҚШ бош прокурорининг Apple Россия ва Хитойга ишлашини айтгани бу мамлакатлар ва уларнинг таъсиридаги бошқа ҳудуддаги одамларни хавотирга солган бўлиши тайин. Ахир инсон учун энг асосий ҳуқуқлардан бири дахлсизлик, шундай эмасми?

Хуллас, барчаси ўтган йил 6 декабрь куни АҚШда содир этилган терактнинг тергов жараёнида бошланди. Флоридадаги ҳарбий денгиз кучларига тегишли базада отишма келтириб чиқарган жиноятчи воқеа жойида отиб ўлдирилади. Оқибатда калаванинг учини топиш қийинлашиб кетади. Табиийки, унинг телефони орқали нимагадир эришиш мумкин эди, лекин АҚШ махсус хизматлари террорчига тегишли iPhone’ни «бузиб кириб», ундаги маълумотларни олишолмайди. Телефонни очиб бериш сўрови билан Apple’га мурожаат қилиниб, рад жавоби олинади.

Уильям Барр
© AP Photo / Patrick Semansky

«Apple Хитой Коммунистик партияси, шунингдек, Россия режими билан ҳамкорлик қилади. Бу давлатларда маълумотларни қайта ишлаш марказларини жойлаштириб, уларга одамлар устида оммавий назорат ўрнатишга ёрдам беради.

Маълум бўлишича, Apple демократия тарафдорлари фойдаланган функцияларни ўчириш орқали цензура ва инсон ҳуқуқлари топталишига сабаб бўлган. Авторитар тузумлар билан ҳамкорлик қилаётган Apple каби компаниялар қонун устувор бўлган, инсонларнинг эркинлиги таъминланган, дахлсизлик ҳуқуқи бўлган ва суд кафолати мавжуд давлатлар билан (табиийки АҚШ назарда тутилмоқда) ишламаслик учун баҳона қидирмаслиги керак», деган АҚШ бош прокурори.

Можаро қандай кескинлашди?

Apple кўп йиллардан буён АҚШ ҳукумати билан ҳамкорлик қилишни ва iPhone’ларни бузиб кирувчи дастурни тақдим этишни рад этиб келади. Балки шунинг учундир АҚШда содир этилган жуда кўп теракт иштирокчилари айнан iPhone ишлатишган. Фойдаланувчилар хавфсизлиги учун бутун бошли АҚШ ҳукуматининг сўровини «безбетларча» рад эта олиши Apple’нинг хавфсизликни афзал кўрувчи одамлар орасида обрўси ва савдоси ошишига олиб келмоқда.

Масалан, 2015 йил 2 декабрда Калифорниядаги Сан-Бернардино шаҳрида содир этилган терактнинг икки ташкилотчисидан бири Саид Фаруқнинг iPhone 5S телефонидаги маълумотларни олиш учун Apple билан узоқ музокара ўтказиб, рад жавобини олишди. АҚШ хавфсизлик агентлиги террорчининг телефонини мустақил тарзда «бузиб киролмагани»ни тан олган. Бунинг учун хусусий компаниялардан бирига миллион доллар атрофида тўлашга тўғри келган.

Флоридадаги ҳарбий базада отишма содир этган Саид Ал Шамроний воқеа жойида ўлдирилгач, унинг телефонидаги маълумотларни билиш жуда муҳим эди, чунки ҳукумат уни «Ал Қоида»га алоқадор деб ҳисоблайди. Шу боис федерал қидирув бюроси январь ойида Шамронийга тегишли iPhone 5 ва iPhone 7 телефонларини «бузиб киришга» ёрдам бериш учун Apple’га сўров юборади. Компания эса бу борада «қўлидан келганини қилгани», фақат iPhone учун махсус «бэкдор» (орқа эшик маъносини билдиради ва телефонларни бузиб кириш учун фойдаланиладиган дастур назарда тутилмоқда) тақдим эта олмаслигини маълум қилган.

АҚШ ҳукумати узоқ йиллардан буён Apple’дан қурилмаларга тезкор кириш имконини берадиган «бэкдор» дастурини тақдим этишни сўраб келади ва ҳануз бунга ижобий жавоб олгани йўқ. Ўз навбатида Forbes’га кўра, АҚШнинг Grayshit компанияси GrayKey дастури орқали iPhone’нинг ҳар қандай турини, ҳатто 11-моделини ҳам блокдан оча олади.

Нега Apple рад жавобини бериб келади?

Шу ўринда Apple бежиз рад жавобини бермагани ҳақида икки оғиз. АҚШ ҳукумати компанияга муаммоли телефон борасида сўров юборар экан, кўпинча ҳар қандай телефоннинг қулфини бузиб кира олиш учун умумий дастур сўрайди. Энди ўзингиз ўйланг, бир кишининг телефонини очиш учун бутун бошли миллионлаб фойдаланувчиларнинг дахлсизлигини хавф остида қолдириш керакми? Мана шу сабаб Apple ўз қурилмаларига кириш имконини берадиган дастурни ҳукуматга тақдим этишни хоҳламайди ва бу компанияга ақл бовар қилмас даражада катта обрў тақдим этади. Гарчи бутун бошли АҚШ хавфсизлик хизмати ходимлари Apple телефонларини қулфдан очиши имконсизлиги сафсата эканини айтадиганлар кўп бўлса ҳам.

«Мулойим табассумга ундайдиган айблов»

Россия президентининг халқаро ҳамкорлик ва ахборот хавфсизлиги борасидаги махсус вакили Андрей Крутских АҚШ бош прокурорининг Apple Россия билан ҳамкорлик қилиши ҳақидаги гапларига муносабат билдирди: «Бунақа гаплар фақатгина мулойим кулиб қўйишга ундайди. АҚШда Россияга қарши айбловлар янги босқичга кўтарилди. Бу худди бошқалар қўрқиши учун ўзингникини ур, дейишга ўхшайди. Бу уларни (яъни АҚШни) яхши ҳолатда кўрсатмаслиги аниқ».

Шу ўринда қизиқ факт: 2019 йил январда Россияда «Эппл Рус» номли МЖЧ пайдо бўлади ва унинг вазифаси сифатида Apple телефонларини Россия бўйлаб сотиш билан бирга маълумотларни қайта ишлаш экани ҳам белгиланган. Кимларга тегишли маълумотлар қайта ишланиши ҳақида бандда эса фойдаланувчилар ҳам келтирилган. Қайта ишланган маълумотларни сақлаш жойи сифатида эса Россия кўрсатилган. Балки мана шу ҳолат АҚШ ҳукуматига ёқмагандир.

Ўз навбатида Apple’нинг Хитой махсус хизматлари билан ҳамкорлиги ҳақидаги гапни ҳам АҚШ бош прокурори ҳаводан олмаган. Хитой қонунчилигига кўра, Apple мамлакат ҳудудида сотиладиган қурилмалардаги iCloud маълумотларини Хитойдаги маълумот марказларига юборишга мажбур.

iPhone фойдаланувчиларининг хавфсирашга асос борми?

Apple Россияда маълумотларни қайта ишлайдиган марказни ишга туширгани фойдаланувчилар учун нимани англатади? ВВС билан суҳбатда бу саволга россиялик адвокат Иван Павлов жавоб берди: «Apple Россияда ўз ташкилотини рўйхатдан ўтказгач ўзи ҳам Россиядаги корхонадан кам бўлмаган хатарга дуч келади. Маълумотлар Россияда рўйхатдан ўтган ташкилотда қайта ишлангандан сўнг улар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан сўралиши мумкин.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан босим бўлиши ҳеч гап эмас. Босим енгилроқ, яъни шунчаки маълумот олиш учун сўров кўринишида, ёки жиддий тарзда – тинтув ўтказиш ва серверларни тортиб олиш кўринишида бўлиши мумкин», дейди адвокат.

Маълумот учун, Россия маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексига кўра, ҳуқуқ-тартибот органларига маълумот тақдим этишдан бош тортиш учун 5 минг рубль миқдорида жарима белгиланган. Прокурор ёки терговчининг сўрови рад этилса, жарима 100 минг рублгача ошиши ва ҳатто корхона фаолияти икки ойгача тўхтатилиши мумкин.

«Биз ҳамма ерда бир хил iPhone сотамиз»

Apple АҚШ ҳукуматининг ўзига нисбатан айбловларига жавоб қайтарди: «Мижозлар Apple уларнинг маълумотлари хавфсизлигини таъминлашига ишонади. Хавфсизликни таъминлаш учун амалга оширадиган ишларимиздан бири бу –қурилмаларимиз ва серверларимизда ишончли шифрлашни амалга ошириш.

Биз ҳамма ерда бир хил iPhone сотамиз ва қулфланган қурилмаларни оча олмаймиз. Ҳеч кимнинг паролини сақлаб қўймаймиз. Маълумотлар қайта ишланадиган марказларимизда ахборот хавфсизлигини таъминлайдиган технологиялардан фойдаланамиз. Бу системамиз учун «бэкдор» яратиш хавфининг олдини олади. Биз фаолияти юритадиган барча мамлакатларда бу ҳаракатлар бир хил босқичда амалга оширилади», дейилган компания баёнотида.

Apple ҳар йили ўзига хос «шаффофлик ҳисоботи» тақдим этади. Унда компанияга дунёнинг турли давлатларидаги хавфсизлик хизматлари томонидан юборилган сўровлар эълон қилиб борилади. Масалан, 2019 йилнинг биринчи ярмида Россия томонидан 1 219та сўров қабул қилинган ва уларнинг 82 фоизи қаноатлантирилган. Таққослаш учун, 2013 йилдан буён Украина махсус хизматлари Apple’га 11та қурилмаган кириш имкони учун сўров юборган ва уларнинг 3таси қаноатлантирилган.

Маълумот учун, 1976 йил АҚШда асос солинган Apple компаниясининг айни дамдаги умумий нархи 1,4 триллион доллардан қимматроққа баҳоланган. Apple қиймати 1 триллион доллардан ошган илк компания ҳисобланади. Корхонанинг асосий маҳсулоти – iPhone смартфонлари. 2019 йилда бутун дунё бўйлаб 260 миллион дона iPhone сотилган. Турли манбаларга кўра, iPhone ишлаб чиқарилганидан буён дунё бўйлаб унинг 2,2 триллион донаси сотилган.

Мавзуга оид