Ўзбекистон | 07:30 / 29.05.2020
15276
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тупроқ унумдорлигини оширишдаги тизимли муаммолар очиқланди

Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш ва ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Президентнинг “Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш ва ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, тупроқлар унумдорлигини оширишга оид амалиёт таҳлили ушбу соҳада бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатган.

Хусусан:

биринчидан, тупроқлардан фойдаланиш, унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш бўйича тизимли ишларни ўз ичига олган яхлит ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас;

иккинчидан, тупроқларни комплекс ўрганиш асосида уларнинг хосса-хусусиятларини, жумладан, гумус ва озуқа моддалар миқдорини аниқлаш ва унумдорлик даражасини белгилашдан ташқари, тупроқларнинг экологик ҳолати, турли токсикант ва поллютантлар билан заҳарланганлик даражаларини тадқиқ қилиш ва ташхис қўйиш, экологик тоза ва соғлом тупроқ ҳолатига келтириш учун илмий асосланган ишланмалар ва тавсияларни жорий этиш механизми тўлиқ яратилмаган;

учинчидан, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар томонидан тупроқ унумдорлигини ошириш, айниқса органик ўғитлардан кенг фойдаланиш бўйича комплекс тадбирларни етарли даражада амалга оширилмаганлиги натижасида, сўнгги 30 йилда суғориладиган тупроқларда гумус миқдори 10-15 фоизга камайиб кетган, оқибатда эквивалент ҳисобида бой берилган суғориладиган экин ерлари 450 минг гектарни ташкил қилади;

тўртинчидан, тупроқлар деградациясини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмаганлиги сабабли қишлоқ хўжалиги ерлари ишлаб чиқариш айланмасидан чиқиб кетмоқда;

бешинчидан, тупроқ унумдорлигини ошириш ва ерлардан самарали фойдаланиш соҳасида олиб борилаётган илмий ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаган, соҳада илғор технологияларни қўллаш даражаси юқори эмас ва илмий тадқиқот натижалари амалиётга кенг жорий этилмаяпти;

олтинчидан, соҳага оид илмий-тадқиқот институтлари томонидан тупроқларнинг унумдорлигини аниқлаш ва прогноз қилишда замонавий ёндашувлар етарли эмас;

еттинчидан, лалми ва яйлов ерларидан фойдаланиш самарадорлиги паст бўлиб, ресурстежамкор, замонавий илғор технологияларни қўллаш етарли даражада йўлга қўйилмаган;

саккизинчидан, қишлоқ хўжалиги ерларида ўтказиладиган агротадбирлар, жумладан, шудгорлаш, экиш олдидан минерал ва маҳаллий ўғитларни киритиш ва вегетация даврида минерал ўғитларни қўллашга ихтисослашган агрегатларни маҳаллийлаштириш тизими ишлаб чиқилмаганлиги натижасида тупроқларни физик ва агрокимёвий хоссаларига салбий таъсир кўрсатиб, тупроқларнинг зичлигини ортишига, гумус ва озуқа моддалари билан таъминланганлик даражасининг пасайишига олиб келмоқда.

Мавзуга оид