Жамият | 11:14 / 29.05.2020
17748
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида мактаб директорларига тазйиқ ўтказган ҳоким ўринбосари жаримага тортилди

Тошкент вилояти Бўка тумани ҳокими ўринбосари халқ таълими муассасалари ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилгани аниқланди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, 19 апрель куни Бўка тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Анвар Хонтўраев тумандаги 12-умумтаълим мактабида 53 нафар таълим муассасаси раҳбарлари ва маҳалла фаолларига йиғилиш ўтказган. Йиғилишда мутасадди 12-мактаб директори ўз вақтида томорқа бўйича аҳолини хатлов қилмагани учун унинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиб, унга тазйиқ ўтказган.

«12-мактаб директори М.Хакимованинг ўз вақтида томорқа бўйича аҳолини хатлов қилмаганлиги учун унинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиб, унга тазйиқ ўтказиб, барчани олдида изза қилиб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб, ҳуқуқларини поймол этиб ундан туман ҳокими номига тушунтириш хати ва жорий йилнинг 20 апрель кунидан ишдан бўшаш тўғрисида аризасини олган», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 6–7 май кунлари Хонтўраев туманда фаолият юритаётган 15, 16, 18, 24, 50-умумтаълим мактаблари директорларига тазйиқ ўтказиб, туман марказидаги «Ёшлар майдони»га директорлар ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларини, яъни 25 кишини майдонда ўсган ўтларни ўриш каби мажбурий меҳнатга жалб қилган.

Халқ таълими вазирининг Назорат-ҳуқуқий хизмати аралашуви билан Анвар Хонтўраевнинг Ўзбекистон президенти қарорларига зид ҳаракатлари юзасидан тўпланган ҳужжатларга қонуний баҳо бериш учун вазирлик томонидан жорий йилнинг 15 май куни Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармасига юборилган.

Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолатларни қонуний ўрганиб чиқиб, ҳоким ўринбосарини халқ таълими муассасалари фаолиятига асоссиз аралашгани, педагог кадрларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, уларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилгани учун 22,3 миллион сўм жаримага тортган.

Мавзуга оид