Жаҳон | 07:49 / 31.05.2020
11153
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг 3 та шаҳрида норозиликлар сабабли комендантлик соати киритилди

АҚШнинг Денвер (Колорадо штати), Цинциннати (Оҳайо штат) ва Милуоки (Висконсин штати) шаҳарлари мэрлари Миннеаполисда афроамерикалик Жорж Флойд полиция томонидан ушлангандан кейин вафот этгани билан боғлиқ ҳолда юзага келган норозиликлар сабабли ўз ҳудудларида комендантлик соати киритдилар. 

Фото: Майк Стюарт / AP

“Биз барча хавфсизликда бўлишини истаймиз. Шу сабабли бугунги кундан [30 май] 1 июнгача соат 20дан 5гача шаҳарнинг бутун ҳудуди бўйлаб комендантлик соати киритилади”, деб ёзган Денвер мэри Майкл Хэнкок Twitter’да.

Цинциннати мэри Жон Кранли ҳам шаҳарни қамраб олган тартибсизликлар сабабли 30 ва 31 май кунлари маҳаллий вақт билан соат 22дан 6гача комендантлик соати жорий қилинишини маълум қилган. 

Милуоки мэри Том Барретт эса шаҳарда 30 май куни соат 21дан комендантлик соати киритилишини эълон қилган. Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, 29 майдаги норозилик намойишлари вақтида полициячилардан бирига ўқ узилган, бироқ уни бронежилети қутқариб қолган.

25 май куни Миннеаполис шаҳрида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида полициячи уни ўлдириб қўйди. Флойднинг ўлими хабарига жавобан Миннеаполисда полиция зўравонлиги ва ирқий тенгсизликка қарши намойишлар бошланиб кетди. Шаҳарда тартибсизликлар, талончилик ва биноларга ўт қўйишлар юз берди. Миннеаполис марказида бир неча йирик ёнғин рўй берди, кўплаб дўконлар тўлиқ ёниб кетди.

Мавзуга оид