Жаҳон | 21:40 / 01.06.2020
42437
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг баъзи шаҳарларида полициячилар ҳам намойишларга қўшилди. Қурбонлар сони ортмоқда

25 май куни афроамерикалик Жорж Флойд Миннеаполис полиция офицерининг оёғи остида ўлим топиши ортидан бошланган намойишлар АҚШ бўйлаб бир ҳафтадан буён давом этмоқда.

1 июнга келиб, тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 нафарга етди. Улардан 9 нафари қуролдан отилган ўқ қурбонига айланди. Миннеаполисда катта юк машинаси намойишчилар устига ҳайдаб борилиши оқибатида бир киши вафот этди.

Намойишлар бошланганидан буён 4,4 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди.

Ўнлаб шаҳарларда комендантлик соати жорий этилиб, фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

АҚШ коронавирус энг кўп тарқалган мамлакат экани ҳам намойишчиларни тўхтатиб қола олмаяпти.

Полиция билан тўқнашувлар тез-тез кузатилиб турган бўлса-да, айрим шаҳарлардаги намойишларга полиция вакиллари ҳам қўшилган.

Камден округи полицияси бошлиғи Жо Вайсокки
Фото: AP / April Saul
Корал Гейблс шаҳри полициячилари
Фото: Eva Marie Uzcategui / AFP via Getty Images
Санта Круз шаҳри полицияси бошлиғи Энди Миллс (ўнгда) ва Жастин Каммингс (чапда)
AP / Shmuel Thaler
Фергюсон шаҳри полициячилари
Фото: Robert Cohen/St. Louis Post-Dispatch via AP
Ҳьюстон шаҳри полицияси бошлиғи Арт Асеведо
Фото: Mark Felix/AFP via Getty Images
Канзас шаҳри полициячилари
Фото: Twitter

Эслатиб ўтамиз, Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳри полиция офицери Дерек Шовин 25 май куни озиқ-овқат дўконидан сохта чек орқали савдо қилганликда гумонланган 46 ёшли қора танли қоровул – Жорж Флойднинг ўлимига сабабчи бўлди.

Шовин ва унинг уч ҳамкасби қуролсиз Флойдни автомобилдан тушириб, қўлига кишан тақишади ва полиция машинаси томонга олиб келишади. Машина олдида афроамерикалик асфальтга ётқизилади, офицер эса тизза билан бўғиш услубини қўллаган ҳолда 8 дақиқа 46 сония унинг бўйнидан босиб турган.

Мавзуга оид