Ўзбекистон | 14:18 / 02.06.2020
10535
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Cotton Campaign’ни 2020 йилги пахта кампаниясини мониторинг қилишга таклиф этди

Жорий йилда пахта кампаниясини мониторинг қилиш бўйича Ўзбекистон Cotton Campaign’ни бевосита ҳамкорликка таклиф қилди. Бу ҳақда республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.

Фото: KUN.UZ

«Иш ўринлари ташкил этиш муаммосини ҳал қилиш учун, мамлакатдаги аҳоли бандлиги бўйича етакчи тармоқлардан бирига айланишда катта истиқболга эга бўлган тўқимачилик тармоғини жадал ривожлантириш мумкин. Аммо бу халқаро ташкилотлар, тўқимачилик бозори ва бизнеснинг кўмагисиз бўлмайди. Шу сабабли, жорий йилда инспекторлар ва уларнинг ёрдамчилари, иш берувчилар, ҳокимлар, фермерлар, фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари ишчилари учун Халқаро меҳнат ташкилотининг миллий ва халқаро экспертларини жалб қилган ҳолда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича тренинглар ўтказиш орқали жойларда ишларни кучайтириш режалаштирилмоқда», - дея таъкидлаб ўтишди вазирликдан.

Бундан ташқари, мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади, бунинг учун судьялар, прокурорлар ва адвокатлар ушбу масалалар бўйича ўқитилади. Ишга олиш, меҳнат шартномасини тўғри расмийлаштириш тўғрисида тушунтиришлар берилади, қишлоқ хўжалигидаги компаниялар томонидан ишчиларни жалб қилиш бўйича бандликка кўмаклашиш туман марказларининг имкониятларини кучайтириш бўйича ишлар олиб борилади.

«Мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли Ўзбекистонда пахта ва тўқимачилик саноатининг ривожланиши учун жиддий салбий оқибатларга олиб келади ҳамда мамлакатнинг обрўсига путур етказади. Сўнгги 4 йил ичида пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари 4 баравар камайди - 2015 йилдаги 448 минг кишидан 2019 йилдаги 102 минг кишигача. Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича изчил сиёсат олиб бормоқда», - деди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов. 

Мавзуга оид