Жаҳон | 15:40 / 03.06.2020
25374
2 дақиқада ўқилади

Фото: Ашхободда велосипедга ёдгорлик ўрнатилди

Туркманистон президенти очилиш маросимида велосипед спорти аҳоли соғлигини мустаҳкамлашда катта ўрин тутиши ҳақида гапирди.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 3 июнь куни - бутунжаҳон велосипед куни муносабати билан Ашхободда велосипедга атаб қурилган ёдгорликни очиб берди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар қилди.

Ушбу байрам 2018 йил апрелида 72-сессияда қабул қилинган БМТ Бош ассамблеяси резолюциясига мувофиқ ҳар йили нишонлаб келинмоқда. 

Ноодатий ёдгорлик бутун бир композиция билан ифодаланган, унинг марказида улкан шар ўрнатилган, шарда Туркманистон харитаси алоҳида ажратиб кўрсатилган, унда «Туркманистон — Буюк Ипак йўли юраги» ёзуви акс этган. Ер шари атрофида бир неча велосипедчи ҳайкали ўрнатилган. Ёдгорликнинг пастки қисмида туялар карвони ва чавандозлар тасвирланган.

Очилиш маросимида ҳукумат раҳбарлари, парламент вакиллари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижий мамлакатларнинг дипломатик миссиялари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этган. Уларнинг барчаси спорт кийимида ва велосипедларда бўлишган. 

Гурбангули Бердимуҳамедов ўз нутқида экологик ва қизиқарли спорт тури бўлган велосипед спорти мамлакат аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим рол тутиши, шунга кўра мамлакатда велоспорт билан шуғулланувчилар сони ортиб бораётганини эътироф этган.

Очилиш маросимидан кейин президент велопойгани бошлаб бериб, велосипедчиларга бошчилик қилган. Велосипедчилар карвони Ашхобод шаҳри кўчалари бўйлаб 12 километрни босиб ўтишган.

Байрам муносабати билан Туркманистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам велопойгалар ўтказилган.

Мавзуга оид