Жаҳон | 20:52 / 04.06.2020
43181
8 дақиқада ўқилади

АҚШдаги норозилик намойишлари: кеча ва бугун

АҚШда расмий байрам сифатида нишонланадиган Хотира куни (Memorial Day)да, Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳрида ҳибсга олиш жараёни афроамерикалик фуқаронинг ўлими билан якунлангани ирқчилик муаммоси мамлакат тарихига нақадар чуқур кириб борганини кўрсатиб қўйди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Ирқчиликнинг асаб торлари узилди

20 АҚШ доллари миқдоридаги фирибгарлик операцияси туфайли ҳибсга олинган 46 ёшли Жорж Флойд оқ танли полициячининг тиззаси остида қайта-қайта «Мен нафас ололмаяпман!» деб ёлворганига қарамай, вафот этди. Энг ёмони, ушбу аянчли воқеани бошқа полициячилар томошабин бўлиб кузатиб туришган. 8 дақиқа 46 сония давом этган ушбу оғриқли жараён «Трансатлантик қул савдоси» ва ирқчилик муаммоси билан бошланган африкалик қора танлиларнинг кўп асрлик фожиавий драмасини қайта саҳнага олиб чиқди. Йўловчилар томонидан телефон камерасига муҳрланган тасвирлар олти йил олдин Нью-Йоркда Эрик Гарнер билан содир бўлган воқеани ҳам эсга солиб юборди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги ҳодиса АҚШ корпоратив ва ижтимоий тузилмаларидаги сурункали ирқчиликнинг асаб торларини тамоман узиб юборди. Бутун мамлакат бўйлаб намойишлар бошланиб кетди.

«Мен нафас ололмаяпман» қора танлиларнинг фарёдига айланди

2014 йил июль ойида Статен оролида 6 фарзанднинг отаси, 43 ёшдаги қора танли Гарнер Нью-Йорк полицияси томонидан кўчада ноқонуний сигарет сотаётгани сабабли ҳибсга олинганди. Ўшанда у ҳам «Нафас ололмаяпман» деб ёлворганига қарамай, бўғишда давом этилган, натижада касалхонага етиб бормай вафот этганди.

Гарнер воқеаси биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмасди. Ушбу воқеадан кўп вақт ўтмай, Миссурининг Фергюсон шаҳрида 18 ёшли қора танли Майкл Браун полиция томонидан ўлдирилиши, 2015 йилда Балтиморда ҳибсга олинган 25 ёшли Фредди Грейнинг комада ўлим топиши каби бир қатор воқеалар мамлакат бўйлаб «Қора танлиларнинг ҳаёти қадрли» (BlackLivesMatter) ҳаракатига йўл очган, бир неча кун давомида норозилик намойишлари бўлиб ўтганди.

Гарнернинг «Мен нафас ололмаяпман» деган сўнгги сўзлари эса полиция зўравонлигига қарши намойишларда қора танлиларнинг рамзий шиорларидан бирига айланади. Шу билан бирга, ушбу шиор Америка тарихидаги жирканч зулм ва адолатсизликни умумлаштирувчи ибора сифатида эсда қолди.

Намойишлар ва Covid-19 эпидемияси

Трамп маъмурияти ва Америка жамоатчилиги 3 ойдан бери давом этаётган коронавирус эпидемиясини енгиб ўтиш умидида мамлакат иқтисодиётини очиб, энди нафас олишга чоғланиб турган бир пайтда Флойднинг ўлими улкан норозилик намойишларига сабаб бўлди. Эски, аммо якунланмаган даҳшатли фильмнинг Миннеаполисда такрорланиши, айниқса, Флойднинг ўлим олдидан айтган ўша таниш сўзлари «капалак эффекти»ни юзага келтирди.

Флойднинг ўлими ижтимоий тартибсизликларни келтириб чиқармаслиги учун Миннеаполис амалдорлари тезкор равишда – воқеадан сўнг 24 соат вақт ўтиб улгурмай, 4 нафар полициячини ишдан бўшатишди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам ўзининг биринчи баёнотида Флойднинг ўлимидан «жуда хафа бўлгани»ни айтиб, ҳамдардлик билдирди. Гарчи, унинг ирқчилик масаласидаги гаплари унчалик муваффақиятли чиқмаган бўлса-да, у расмийларга воқеани иложи борича тезроқ текширишни буюрганини айтди. Трампнинг ушбу реакциясини Флойд воқеасига нисбатан инсонпарварлик нуқтайи назаридан ёндашиш, қолаверса, яқинлашиб келаётган президент сайловлари арафасида Covid-19 эпидемияси сабаб пастга қараб шўнғиб кетаётган «ишонч чизиғи»ни тиклашга қаратилган ҳаракат сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

«Ваҳший итлар» иборасининг илдизи қаерга бориб тақалади?

Аммо намойишларда зўравонлик ва вандализм кучайиб бориши натижасида Трамп ўз нутқ йўналишини тезда ўзгартирди. У ўзидан «қаттиққўл президент» қиёфасини яратиш учун ва эҳтимол, республикачиларнинг овоз бериш базасини қондириш учун твиттердаги саҳифасида «Агар талончилик бошланса, отишма ҳам бошланади» деб таҳдид қилди. Намойишчиларга нисбатан эса «ваҳший итлар» (vicious dogs) деган иборани ишлатди. Трамп ушбу ифодаларни атай қўлладими ёки бу сўзлар унинг онг остидан сизиб чиқиб янградими, буниси номаълум. Бироқ унинг бу гаплари кескин танқидларга сабаб бўлди ва қора танлилар хотирасидаги тарихий воқеаларни қайта жонлантириб, норозиликларни янада кучайтириб юборди.

Чунки «ваҳший итлар» ибораси қамчи билан савалаб, эксплуатация қилинган, охир-оқибат, азобларга чидай олмай, жанубдаги пахта далаларидан шимолга қочмоқчи бўлган қулларга, шунингдек, 60-йилларда фуқаролик ҳуқуқлари учун курашган қора танлиларга нисбатан уларнинг оқ танли хўжайинлари ва полициячилар томонидан ишлатилганди.

Ирқчилик муаммоси: Трамп, Обама, Жо Байден

Албатта, ушбу воқеалардан сўнг намойиш ўтказилаётган ҳудуд маъмурлари томонидан хавфсизликни таъминлаш учун миллий қўриқлаш бўлинмаларидан ёрдам сўраш ва тунда комендантлик соати жорий этишдан бошқа яна қандай иш қилинади – бу ҳозирча сўроқ остида. Аммо Трампнинг штат губернаторларини намойишчиларга қарши «заифлик қилиш»да айблагани, қонун ва тартибни таъминлаш учун армия кучидан фойдаланиш кераклигини уқтиргани, қолаверса, бу жараёнда диний мурожаатларга суяниб, Оқ уй қаршисидаги авлиё Иоанн муқаддас черкови олдида қўлда Инжил билан пайдо бўлгани мамлакатдаги сиёсий тафриқани янада кучайтириб юборди.

Бироқ сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг турли қисмларидаги полиция кучлари ва намойишчилар ўртасидаги бирдамлик тасвирлари акс этган суратлар, видеолар тарқалмоқда. Полиция намойишчилардан «Сиз ҳақсиз» деган маънода тиз чўкиб узр сўраб, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилмоқда. Аммо намойишчилар орасида сиёсий онгни тарғиб қилувчилар ўз ғазабларининг сайлов қутиларида ҳам акс этиши кераклигини иддао қилмоқдалар.

Аммо қизиқ томони шундаки, «Қора танлиларнинг ҳаёти қадрли» ҳаракати Трампдан аввал мамлакатни икки муддат давомида бошқарган АҚШнинг биринчи қора танли президенти Барак Обама даврида бошланганди. Айтиш лозимки, Оқ уйга «Ўзгариш» шиори билан кириб келган Обама Мартин, Гарнер, Браун ва Грей каби ирқчилик қурбонлари билан боғлиқ кўплаб ҳодисаларга қарши тайинли бир ўзгариш қила олмади. Ноябрь ойидаги президентлик сайловларида Трампнинг ягона рақиби сифатида кўрилаётган демократ номзод – Обаманинг ҳар икки президентлик муддатларида вице-президентлик лавозимида бўлган Жо Байден ҳам норозиликлар масаласида юзига ниқоб таққан ҳолда бир нечта қора танлилар билан селфи қилишдан бошқа бирор самарали иш қилмади.

Ирқчилик барҳам топмайди, агар...

Айни пайтда АҚШда ирқчиликка қарши жиддий ислоҳот ўтказилишини кутиш қийин масала. Чунки намойишларда иштирок этаётган гуруҳларнинг аксарияти кам даромадли ёки ишсиз ёшлардан иборат. Бу ҳам ўз навбатида норозиликлар натижасида узил-кесил ечимлар ишлаб чиқиш имкониятини камайтирмоқда. Қолаверса, дунёнинг кўп жойларида бўлгани каби Флойд намойишлари ҳам «усул ва мақсад» нуқтайи назаридан ўзида баъзи қарама-қаршиликларни акс эттиради. Бундай намойишлар ўз мақсадларига эришиши учун жамиятнинг кўп қисмини қамраб олувчи тинч ва узоқ муддатли йўлни босиб ўтиши керак.

Ҳозирда норозиликлар зўравонлик, полиция билан тўқнашув, вандализм каби адреналинни келтириб чиқарадиган сабаблар билан гарчи кун тартибидаги асосий масала бўлиб турган бўлса-да, намойишлар орқали ҳуқуқ талаб қилиш тескари оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу эса сиёсатда Трампнинг қўлини янада баланд қилади ва жамиятда қарши реакцияларни келтириб чиқаради. Шунга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, Флойд намойишлари узоқ муддатли сиёсий ечим билан якун топмайди, аксинча, Трампнинг иккинчи бор Оқ уйга йўл олишини янада осонлаштиради.

Аммо шу нарса аниқки, агар Америка тизимида ва ундан келиб чиқувчи ижтимоий тузумда туб ислоҳотлар амалга оширилмаса, ирқчилик билан боғлиқ муаммолар давом этаверади.

Мавзуга оид