Ўзбекистон | 20:08 / 04.06.2020
13455
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари марказлари абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилмайди – ДХА

Жорий йилда абитуриентлар республика ОТМларига Давлат хизматлари марказлари орқали онлайн рўйхатдан ўтказилмайди. Kun.uz’нинг Давлат хизматлари агентлигидаги манбаси хабар беришича, давлат хизматлари марказлари орқали абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинмаслиги бўйича қарор лойиҳаси тайёрланган.

Ҳақиқатан ҳам 2020 йилнинг 2 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 7 июндаги 468-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган бўлиб, унга кўра, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтилади.

Яъни, умумхалқ муҳокамасига қўйилган лойиҳага кўра, абитуриентлардан ҳужжатлар 2 хил усулда қабул қилиниши мумкин:

  1. Давлат тест маркази сайти орқали;
  2. my.gov.uz портали орқали.

Лойиҳага кўра, амалдаги ҳужжатлардаги давлат хизматлари марказларининг ушбу фаолият билан шуғулланишини назарда тутувчи нормалар бекор қилинмоқда.

Бундан олдинроқ, Давлат тест маркази директори Мажид Каримов бу йил абитуриентлардан ҳужжатлар давлат хизматлари марказлари, Ягона давлат интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали онлайн тарзда қабул қилинишини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги ўзгаришларни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасининг муҳокамаси 2020 йил 17 июнига қадар давом этади. Муҳокама давомида аҳоли фикр ва таклифлари асосида ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Мавзуга оид