Иқтисодиёт | 11:12 / 10.06.2020
19511
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон суверен кредит рейтинги нега тушмоқда? Мутахассис ечим таклиф қилмоқда

Ушбу мақолада коронавирус инқирози даврида ва ундан кейинги даврларда Ўзбекистон суверен кредит рейтинги барқарорлигини таъминлашга хизмат қилувчи ички ва ташқи омиллар борасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидов фикр юритади.

«S&P Global Ratings» / Фото: Henny Ray Abrams / AP

Муаллиф дунё бўйлаб коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун амалга оширилаётган чоралар натижасида юзага келган глобал инқироз ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган давлатларнинг кредит рейтинглари ёки улар бўйича кутилмаларга салбий таъсир қилаётгани таъкидлаб ўтган. Ундан кейинги бўлимда Ўзбекистоннинг кредит рейтинги барқарорлигини таъминловчи ички ва ташқи омиллар ҳақида сўз боради.

Жорий йил 5 июнь куни «S&P Global Ratings» халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли суверен кредит рейтингини «BB-/В» даражасида тасдиқлади. Шу билан бирга, агентлик мамлакат суверен кредит рейтинги бўйича кутилмасини «барқарор»дан «салбий»га қайта кўриб чиқди.

Агентликнинг салбий кутилмаси Ўзбекистоннинг ташқи қарзи кутилганидан тезроқ суръатларда ўсаётгани, жорий йилда давлат томонидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва инвестиция дастурларини молиялаштириш учун халқаро молия институтларидан қарз жалб қилаётгани ҳамда жорий операциялар ҳисоби дефицитининг юқори даражада кутилиши билан изоҳланади.

S&P кутилмасининг «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирилиши нимани англатади?

Бу шуни англатадики, Ўзбекистоннинг кредит рейтинги кейинги 6 ойдан 2 йилгача бўлган муддатда икки сценарийда (пасайиш ёки кўтарилиш) ўзгариши мумкин:

1. Агар Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги икки йилда узоқ давом этадиган иқтисодий секинлашишга дуч келса ёки тўлов баланси жорий операциялар ҳисоби кутилганидан кўра ёмонлашса, агентлик мамлакат кредит рейтингини «BB-» даражадан «B+» даражага пасайтириши мумкин;

2. Агар қисқа ва ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистоннинг глобал иқтисодиётга интеграциялашувининг (Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб қўшилиши) тезлашиши ҳамда давлат корхоналарининг ислоҳ қилиниши билан иқтисодиётимиз ишлаб чиқариш салоҳияти ва ташқи шокларга бардошлилиги ошиб, давлат ташқи қарзи ўсиш суръати секинлашса, агентлик республикамиз кредит рейтинги бўйича кутилмасини «барқарор» даражага кўтариши мумкин.     

Пандемияда дунё мамлакатлари суверен кредит рейтингларидаги ўзгаришлар

Коронавирус инқирози каби мисли кўрилмаган инқирозлар инсонлар ҳаёти ва турмуш фаровонлигини сақлаб қолиш учун давлат харажатларининг оширилишини талаб этади. Шунинг учун бутун дунё мамлакатлари ҳукуматлари COVID-19 инқирозига жавобан иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун бир неча рағбатлантириш дастурларини эълон қилишди. Мазкур рағбатлантириш дастурларини молиялаштириш ҳам ривожланган ҳам ривожланаётган давлатлар ташқи қарзи ўсиш суръатларининг тезлашишига олиб келди. Устига устак, жорий йилда айрим давлатларда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши кутилаётган бўлса, бошқа мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари манфий рақамларда акс этиши мумкин.

Мазкур омилларни ҳисобга олиб халқаро рейтинг агентликлари давлатларнинг суверен кредит рейтингларини ёки улар бўйича кутилмаларини қайта кўриб чиқмоқда. Масалан, «S&P Global Ratings» халқаро рейтинг агентлиги 2020 йил бошидан ҳозирга қадар 50га яқин мамлакатнинг кредит рейтинглари ёки кутилмаларини салбий томонга ўзгартирди.

Хусусан, жорий йилнинг 8 апрель куни «S&P» агентилиги Австралиянинг узоқ муддатли рейтингини «ААА» даражада, қисқа муддатли рейтингини «А-1+» даражада ўзгаришсиз сақлаб қолган бўлсада, узоқ муддатли рейтинглари бўйича кутилмасини «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирди. Австралиянинг кучли институционал шароитлари, бой иқтисодиёти ва пул-кредит сиёсатининг мослашувчанлиги мамлакат кредит рейтингига ижобий таъсир қилганига қарамасдан, давлат ташқи қарзи ва уй хўжаликлари қарздорлигининг юқорилиги, шунингдек, жаҳон бозорида хомашё нархларининг тушиб кетиши ва Австралия экспортига талабнинг сезиларли даражада камайиши «S&P» агентлиги томонидан мамлакат кредит рейтинги бўйича кутилмаларни салбий томонга ўзгартирилишига сабаб бўлди.  

6 апрель куни эса «S&P» Бразилиянинг узоқ ва қисқа муддатли суверен кредит рейтингини «ВВ-/В» даражада тасдиқлаган бўлсада, COVID-19 билан боғлиқ ноаниқларнинг ортиши натижасида мамлакатнинг узоқ муддатли рейтинглари бўйича кутилмасини бир поғона – «ижобий»дан «барқарор»га ўзгартирди.

Шунингдек, 17 апрель куни «S&P Global ratings» Индонезиянинг кредит рейтинги бўйича кутилмасини «барқарор»дан «салбий»га туширди ва ушбу қарорини коронавирус тарқалишига қарши давлат харажатларининг кўпайиши билан боғлиқ бўлган молиявий хатарларнинг ошиши билан изоҳлади.   

Шу билан бирга, «S&P агентлиги» Нигерия олтин-валюта захираси ҳажми 2019 йил ўрталаридаги 45 млрд. доллардан 2019 йил охирида

38 млрд. долларга ва 2020 йил февраль ойида 36,5 млрд. долларга камайгандан кейин мамлакат кредит рейтинги бўйича кутилмасини «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирган эди.

Ўзбекистон суверен кредит рейтинги барқарорлигини таъминловчи ички ва ташқи омиллар

Жорий йилда ва ундан кейинги йилларда республика кредит рейтинги барқарорлигини таъминловчи омиллардан бири – тўлов баланси жорий операциялар ҳисобининг яхшиланишидир.

2020 йил 1 чоракда жорий операциялар ҳисоби дефицити ўтган йилнинг мос чорагига нисбатан 18 фоизга (191 млн. долл.) камайиб,

864 млн. долларни ташкил этди.

2020 йил I чорак учун тўлов баланси жорий операциялар ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари*

Манба: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

Изоҳ: *маълумотлар тўлов баланси ва халқаро инвестицион позиция бўйича қўлланма (ТБҚ6) услубиятига мувофиқ тузилган бўлиб, Давлат статистика қўмитасининг савдо баланси кўрсаткичларидан фарқ қилиши мумкин.

Мазкур даврда коронавирус инқирози туфайли табиий газ экспорти ва туризмдан тушумлар камайиши билан бир қаторда импорт ҳажми ҳам сезиларли даражада камайди. Бундан ташқари, жаҳон бозорида олтин нархининг ошиб бораётгани экспортдаги йўқотишлар ўрнини қоплаши кутилмоқда. 2020 йил 2 июнь куни Лондон олтин бозорида 1 трой унция олтин нархи 1742,2 АҚШ долларини ташкил қилди ёки йил бошига (1514,8 АҚШ доллари) нисбатан 15 фоизга ошди. Шу ўринда қайд ўтиш керакки, 2020 йил январь-апрель ойларида

1,55 млрд. АҚШ доллари миқдорида олтин экспорт қилинди.    

London Bullion Market да олтин нархи (Лондон вақти билан соат 15:00)

АҚШ долл/ 1 трой унция

Манба: Economic Research Federal Reserve Bank of St. Louis

Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкорларимиз – Россия, Қозоғистон ва Хитой иқтисодиёти секин-аста оёққа турмоқда. Мазкур давлатларда иқтисодий ўсишнинг тикланиши Ўзбекистон экспортига талабни қайта жонлантиради. Бу эса ташқи савдо балансининг яхшиланишига хизмат қилади.

Россия ва Қозоғистонда иқтисодий вазиятнинг янада ўнгланиши маълум даражада нефть нархининг прогноз кўрсаткичлари доирасига қайтишига ҳам боғлиқ. Қайд этиш лозимки, жаҳон бозорида 1 баррель нефть хомашёси (crude oil: Brent – Europe) нархи 2020 йил 21 апрель куни ўзининг рекорд даражадаги паст кўрсаткичига (9,12 доллар) етганидан сўнг, яна кўтарила бошлади ва 1 июнь ҳолатига 36,74 долларни ташкил этди.

Хом нефть (Crude oil) нархи: Brent – Europe

АҚШ доллар/1 баррель

Манба: Economic Research Federal Reserve Bank of St. Louis

Нефть нархининг қимматлашиши билан россия рубли ва қозоқ тенгеси қадри оша бошлади. Июнь ойининг бошига келиб сўм девальвацияси даражасига яқинлашди. Рубль ва тенге қадрининг бундай ошиши Ўзбекистондан товарлар ва хизматлар экспортига талабни оширади.

Миллий валюталарнинг 1 АҚШ долларига нисбатан алмашув курси индекси

Манба: Марказий банклар маълумотлари асосида ҳисоб-китоблар

Шунингдек, мазкур валюталарнинг АҚШ долларига нисбатан қадрининг кўтарилиши Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмига ҳам маълум даражада ижобий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, Марказий банк маълумотларига кўра, апрель ойининг сўнгги 10 кунлигида халқаро пул ўтказмалари ҳажми ойнинг биринчи ва иккинчи ўн кунлигига нисбатан 1,7 баробар ошган. Май ойида эса пул ўтказмалари ҳажми янада жонланди. Келгуси ойларда ҳам халқаро пул ўтказмаларининг кўпайиши тўлов баланси жорий операциялар ҳисоби ҳолатининг яхшиланишига хизмат қилади.

«S&P» агентлик пресс-релизида таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг глобал иқтисодиётга янада интеграциялашуви суверен кредит рейтингига ижобий таъсир кўрсатади. Бу борада бир неча олға қадамлар ташланди. Хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.  

«S&P» агентлиги томонидан республикамиз кредит рейтинги бўйича кутилмани «барқарор» даражага ўзгартиришга туртки бўладиган омиллардан яна бири ЯИМга нисбатан ташқи қарз ўсиш суръатларининг секинлашиши ҳисобланади. Бу, бир томондан, пандемиядан кейинги даврларда ЯИМ ўсиш суръатларининг тезлашишига боғлиқ. Бошқа томондан эса, Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 4 млрд АҚШ долларидан ошмаслигини таъминланишига боғлиқ.

Бундан ташқари, иқтисодий тизимда инфраструктурани ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш мақсадида ички молиявий ресурсларни сафарбар қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу омилларни ҳисобга олиб, Ўзбекистонда 2020−2025 йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тасдиқланди. Мазкур стратегияга кўра, 2025 йилгача халқаро молия институтлари кўмагида «Ипотека-банк» АТИБ, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, «Асака» АТБ, АТ «Алоқабанк», «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ ва «Туронбанк» АТБдаги давлат улушлари босқичма-босқич хусусийлаштирилади.

Шунингдек, давлат улуши мавжуд корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган омиллардан ҳисобланади. Шунинг учун «Иқтисодиётда давлат улушини қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур қарор лойиҳасида давлат улуши 1 фоиздан 100 фоизгача бўлган

1115та корхоналар тўлиқ хусусийлаштириш назарда тутилган.  

Хулоса

Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз сабабли халқаро рейтинг агентликлари мамлакатлар суверен кредит рейтингларини ёки улар бўйича кутилмаларини қайта кўриб чиқмоқда. Шулар жумласидан, «S&P» томонидан Ўзбекистон суверен кредит рейтинги бўйича кутилманинг «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирилди. Агентликнинг ушбу қарори коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсири билан изоҳланади.

Ўзбекистон кредит рейтингини барқарор даражада сақлаб қолиш учун тўлов баланси жорий операциялар ҳисобини яхшиланиши, банк тизимини трансформация қилиш, хусусан давлат улуши мавжуд банкларни хусусийлаштириш ҳамда банкларнинг молиявий воситачилик вазифасини кучайтириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш талаб этилади.     

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
етакчи илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидов

Мавзуга оид