Жаҳон | 02:19 / 11.06.2020
16630
2 дақиқада ўқилади

Москва мэри шаҳар қачон нормал ҳаётга қайтишини айтди

Фото: ТАСС

Россия пойтахти Москва шаҳрида ўз-ўзини изоляция қилиш режимидан чиқиб, нормал ҳаётга қайтиш икки ойча вақтни олади, деди шаҳар мэри Сергей Собянин.

«Биз бундай ўтиш даврининг давомийлигини қарийб икки ой деб белгилаб олдик. Эпидемиологик вазиятга кириш қисқароқ эди, қатъий чоралар тез-тез жорий этилган эди. Ундан чиқиш эса, таассуфки, узоқроқ давом этадиган кўринади», — деди мэр «Россия 24» телеканали эфирида.

Собяниннинг айтишича, COVID-19 устидан тўлиқ ғалаба қозониш имконсиз. У бошқа вируслар каби инсоният ёнида «узоқ вақт ёки абадий» қолади. Бироқ, зарарланганлар сонининг портлаш даражасида ўсишига йўл қўймасдан эпидемиологик вазиятни бошқариладиган қилиш мумкин.

Мэрнинг эслатишича, пойтахт Москвада оммавий тадбирлар, кинотеатрлар, концерт заллари, спорт майдонларига бориш билан боғлиқ чекловлар сақланиб қолмоқда.

«Бу қарорлар июль ойининг бошида қабул қилинса керак. Шундай қилиб, агар вазият йўл қўйса, икки ой мобайнида биз амалда нормал ҳаёт кечириш режимига ўтамиз», — деди у.

Аввалроқ Собянин Москвада 9 июндан бошлаб гўзаллик салонлари, ресторанлар ва фитнес-клублар очилиши ҳақида эълон қилган эди. Жамоат жойларида ниқоб, қўлқоп тақиш ва ижтимоий масофани сақлаш мажбурияти сақланиб қолади.

Мавзуга оид