Жаҳон | 16:11 / 17.06.2020
59500
8 дақиқада ўқилади

Томонлар армияни жанговар ҳолатга келтирган. Яриморолда яна нималар бўлмоқда?

16 июнь куни Шимолий Корея ҳарбийлари Кэсон шаҳрида жойлашган Кореялараро алоқа офисини портлатиб юборди. Вазият яна кескинлашган. Шимолликлар чегара ҳудудига ҳарбийларни олиб кирмоқчи.

Фото: Kim Hong-Ji / Reuters

Икки Корея чегарасидаги портлаш
16 июнь куни Шимолий Кореянинг Кэсон шаҳридаги саноат комплекси ҳудуди осмонини қуюқ тутун қоплади. Жанубий Корея бирлашув масалалари бўйича вазири Ким Ён Чхоль маҳаллий вақт билан соат 14:49да КХДР ҳукумати Кореялараро алоқа офисини портлатгани ҳақида хабар қилди. Кўп ўтмай расмий Пхеньяннинг офис буткул яксон этилгани тўғрисидаги баёноти эълон қилинди.

Сеулдагилар барчаси аввалдан режалаштирилгани ва шимолликлар «қасос акти» тайёрланаётгани ҳақида олдиндан огоҳлантиришганини айтишмоқда. Гап КХДР раҳбарининг синглиси ва Корея Меҳнат партияси марказий қўмитасининг бўлим бошлиғи биринчи ўринбосари Ким Ё Чжоннинг сўзлари ҳақида кетмоқда. 13 июнь куни у Жанубий Корея тез орада чегарадаги фойдасиз алоқа бўлими йўқ қилинишига гувоҳ бўлиши ҳақида гапирганди.

Кэсон Сеулдан 50 км масофада жойлашган бўлиб, ҳарбий ҳаракатлар бошлангудек бўлса, шимолликлар армиясининг жануб бўйича энг асосий йўналишига айланади, деб тахмин қилинади.

Шимол ва Жануб ўз ҳарбийларини жанговар ҳолатга келтирди
Портлаш КХДРнинг чегарадаги ҳарбийлардан холи ҳудудга ўз ҳарбийларини киритиш ҳақидаги режасини эълон қилишидан бир неча соат ўтиб содир бўлди. Корея халқ армияси бош штаби баёнотида Пхеньян армия бўлинмаларини ушбу ҳудудга қайтариш учун ҳаракатлар режасини ўрганаётгани айтилганди. Бундан мақсад «фронт чизиғини мустаҳкам қалъага айлантириш» ва Жанубий Корея билан муносабатларда ҳушёрликни ошириш экани айтилганди.

Сеулдагилар бунга жавобан жанубий кореялик ҳарбийлар жанговар шай ҳолатга келтирилгани ҳақида маълум қилди. Ҳарбийлар тезкор сафарбарлик ҳолатига чақирилган. Етакчи бўлинмаларга ўз дислокацияларида қолиш буйруғи берилган. Мамлакат мудофаа вазирлиги вазиятга жиддий ёндашаётгани ҳамда АҚШ билан мувофиқлашган ҳолда воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бораётганини билдирди. Бундан ташқари, Кореялараро алоқа офисининг портлатилишидан кейин Жанубий Корея хавфсизлик хизматининг юқори мартабали амалдорлари иштирокида фавқулодда йиғилиш чақирилган.

Жанубий Кореянинг «Ёнҳап» ахборот агентлиги КХДР ўз ҳарбийларининг ҳаракатланиши бўйича ҳеч қандай қўшимча маълумотлар тақдим этмагани, аммо гап Кэсон шаҳри яқинидаги ва Кимгансан тоғларидаги демилитаризация ҳудуди ҳақида кетаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди. Бу ҳудудлардаги ҳарбийлар Жанубий Корея билан ҳамкорликда туризм ва иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун олиб чиқилганди. Бундан ташқари, томонлар 2018 йилги келишувга кўра, чегарадаги Пханмунжом қишлоғи ҳудудидаги постлардан ўз аскарларини олиб ташлаганди.

Эндиликда Шимолий Корея Кимгансан туристик зонаси ва Кэсон саноат комплексига полк даражасидаги ҳарбий қисмлар, шунингдек, зарурий ўточар бўлинмалар жойлаштиради. Уларга қўйилган жанговар вазифа — чегараолди зоналарини қўриқлаш ҳисобланади.

«Чосон синбо» нашри ёзишича, Пхеньян Жанубий Корея чегараси яқинида барча турдаги ҳарбий машғулотларини қайта бошлаш ниятида. Олдин чақириб олинган фуқаролик қўриқлов постлари яна демилитаризация зонасига қайтади.

Ҳарбийлардан холи ҳудуд яқинидаги кузатув постидаги шимолий кореялик аскар, 2016 йил
Фото: Chung Sung-Jun / Getty Images

Шимолий Корея ўтган ҳафтада Жануб билан барча алоқаларни тўхтатганди
9 июнь куни КХДР бир томонлама тартибда қўшнилар билан барча алоқа каналларини узиб қўйганди, шу жумладан, икки давлат ҳарбий раҳбарияти ўртасида ва олий раҳбарият ўртасидаги махсус линия орқали алоқалар тўхтатилганди. Шимолликлар Жанубий Корея ҳудудидан келган ҳаво шарлари орқали ўз ҳудудига ташвиқот варақалари ташланишини сўнгги томчи деб билди. КХДР раҳбарияти ҳамиша бундай ташвиқот варақаларини оғир қабул қилган ва бир неча марта жанублик ҳамкорларидан вазиятга аралашишни сўраганди. Пхеньяндагилар Сеулнинг хатти-ҳаракатлари «Икки Корея муносабатларини якуний нуқтага олиб келгани», бундан буёғига «Жанубий Корея раҳбарияти билан музокаралар столига ўтиришнинг имкони қолмагани»ни таъкидлашди.

Сўнгги ойларда икки давлат муносабатлари сезиларли даражада ёмонлашди, чегара ҳудудида эса бир неча марта отишмалар содир бўлиб ўтди. КХДРдагилар бир неча марта Жанубий Корея ҳукуматини чегара орқали ташвиқот варақалари юборилишига йўл қўйиш билан тинчлик ташаббусларини барбод қилаётгани, шунингдек, АҚШ ёрдамида ўз армиясини кучайтиришни давом эттираётганини иддао қилди.

КХДР варақалар учун қасос олишни ваъда қилганди
15 июнь куни Пхеньян Жанубий Кореяни фаоллар томонидан шимолга ҳаво шарлари орқали юборилаётган ташвиқот варақаларига жавобан ҳарбий қасос тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирганди. «Бизнинг енгилмас инқилобий армия халқимизнинг ҳақоратланишига жавобан қасос актини амалга оширади», дейилади хабарда.

Бундан икки кун олдин эса Ким Ё Чжон Пхеньян ташвиқот варақалари юборилишига жавобан янги қадам ташлашга тайёрланаётгани ҳақида гапирганди. Ўшанда у Сеулни душман деб атаб, «Жанубий Корея ҳукумати билан алоқаларни тўхтатиш вақти келганини» айтганди.

Ўз навбатида, Жанубий Корея КХДРдан қочиб келганлар ташкилоти — «Шимолий Корея озодлиги учун ҳаракат альянси»ни Кореялараро ҳамкорлик тўғрисидаги қонунни бузишда айблади. Расмийларнинг таъкидлашича, айнан шу ҳаракат аъзолари чегара орқали ноқонуний тарзда варақалар юбормоқда: фаоллар варақалар ва гуруч солинган шишаларни ҳаво шарлари орқали чегарадан ўтказишмоқда. Сеулдагилар бундай ҳаракат учун қонунда тақиқ жорий этиш ҳақида ўйламоқда.

Россиялик кореяшунос Константин Асмоловнинг қайд этишича, қонунчиликда чекловларни аввалроқ жорий этиш керак эди. Унинг сўзларига кўра, Пхеньян варақалар масаласини бир неча марта кўтарган, аммо Сеул бундай ҳаракат учун тақиқ қўя олмаслигини билдирган. Шу билан биргаликда, ҳаво шарлари чегарадаги махус учириш ҳудудларидан учирилаётгани айтилмоқда.

Ким Ё Чжон Фото: SeongJoon Cho / Reuters

Пхеньян Вашингтонни КХДР ва АҚШ мулоқоти барбод бўлишида айблайди
Июнь ойи бошида КХДР ТИВ раҳбари Ли Сон Гвон ўз мамлакати ва Вашингтон муносабатлари икки йил ичида кутилган натижани келтирмагани, Корея яриморолидаги вазият кундан кунга ёмонлашиб бораётгани ҳақида гапирганди. Унинг сўзларига кўра, тинчлик ва фаровонлик умиди учқунлари пессимистик даҳшатга дўнган. Вазир мамлакат бундан буён ҳеч нарсадан бир томонлама воз кечмаслиги ва ядровий қалқонни ривожлантиришда давом этмоқчилигини билдирди.

Ли Сон Гвон Пхеньян муносабатларни яхшилаш учун қатор чоралар кўргани, жумладан, ядровий синовлар ўтказишдан воз кечгани, аммо АҚШнинг шунга мос жавобларини кўрмагани, фақатгина америкаликлар раҳбари Дональд Трампнинг «калондимоғлиги» ва Жанубий Корея армиясига кўрсатилган ёрдамларга гувоҳ бўлингани ҳақида таъкидлаган.

Дональд Трамп Фото: Thomas Peter / Getty Images

25 июнь куни Корея уруши бошланганига 70 йил тўлади
КХДР ва Корея Республикаси ўртасидаги қуролли низо уч йил давом этган  — 1950 йил 25 июнидан 1953 йил 27 июлига қадар. Бу уруш АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳамда СССР ва ХХРнинг бирлашган кучлари ўртасидаги уруш сифатида ҳам қаралади. Уруш якунида томонлар тинчлик сулҳини тузишган, унга кўра, чегарада 38-параллел ўтказилиб, ҳарбийлардан холи ҳудуд ташкил этилган. Шу билан бирга, КХДР ўтган вақт мобайнида камида олти марта ушбу сулҳга амал қилмаслигини билдирган. Томонлар ўртасида тинчлик битими имзоланмаган.

Мавзуга оид