Рэшфорд Жонсонга қарши. Футболчи қандай қилиб сиёсатчиларни ишонтиргани ҳақида ҳикоя
Ҳамма «уйида ўтирган» бўлса-да, ҳеч ким хотиржам эмас. Пандемия билан кураш, расизм билан боғлиқ воқеалар фонида «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Маркус Рэшфорд алоҳида ажралиб чиқди ва айтиш мумкинки, Британия ижтимоий ҳаётида катта ишни уддалади.
Яқинда «Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси Жейми Каррагер ўзи ўйнаган ўн беш йил олдинги давр, ўша авлод ҳақида ҳикоя қилар экан, эски футболчилар анча инсонийроқ, ижтимоийроқ эканини тилга олганди ва бугунги ёшларни ҳаётдан узилиб қолганликда айблаганди. Лекин айнан 22 ёшли Маркус Рэшфорд билан боғлиқ сўнгги воқеалар унинг фикрини ўзгартирди, Каррагер бу ҳақида таъкидлаб, узр сўради ҳатто.
Гап шундаки, Англияда кам таъминланган оилаларнинг 1,3 миллионга яқин фарзандлари мактабда бепул овқат билан таъминланарди. Оиланинг йиллик даромади солиқ ва бошқа имтиёзлардан ташқари, 7400 фунтга етиб бормаса, ушбу оила фарзанди у имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Март ойида мактаблар ёпилгач, ночор болаларга 15 фунтлик ваучерлар текин тарқатила бошланди ва супермаркетларда бу ваучерга керакли озиқ-овқат сотиб олиш мумкин бўларди. Ёзги таътил бошлангач эса, бу схема ҳам бекор бўлди ва Food Foundation ҳисоб-китобларига қараганда яна 200 минг бола бепул овқатсиз қолди.
Маркус унгача ҳам бу вазиятга эътиборини қаратган ва ижтимоий тармоқлар орқали барчани жалб этиб, 20 миллион фунтлик ваучерлар йиғишга муваффақ бўлган, бепул овқатсиз қолган болаларга ёрдам берганди. Энди эса, футболчи шундай қилдики, бутун Англия юзини ушбу муаммога буришга мажбур бўлди. Душанба куни у Британия парламентига очиқ хат ёзди.
«Биз твиттерда биринчи ва иккинчи ўриндамиз», - деб ёзди Рэшфорд сешанба кунги машғулотга кетиш олдидан - «бу чақириқ давом этиши учун ёрдамларингга мухтожман».
Рэшфорд бу вазиятнинг сиёсатга алоқаси йўқлигини, парламентдагиларни бир-бири билан рақобатни йиғиштириб, худди клуб футболчилари терма жамоа йиғинларида бир либосни кийгани сингари, бирлашишга чақирди:
«Тушунинг, атрофимдагиларнинг меҳрибонлиги ва сахийлиги бўлмаганда, сиз кўриб турган Маркус Рэшфорд ҳам бўлмасди - 22 ёшли, қора танли, ўзига яраша омадли, севган касби билан шуғулланаётган йигит.
Менинг ўтмишим Англиядаги жуда кўп оилаларга таниш. Онам тўлиқ ставкада ишлар, минимал маош олар, столимизда егулик бўлиши учун шунга мажбур эди. Лекин бу ҳам етарли бўлмасди. Тизим шундайки, катталар ҳар қанча меҳнат қилмасин, муваффақият қозониш имконсиз. Биз бутун оиламиз билан клубдаги нонушталар, мактабдаги бепул овқат, қўшнилар ва мураббийларнинг меҳрибонликларига муҳтож бўлиб қолаверардик. Атрофимиздаги барча текин ошхоналар бизга таниш, ҳатто ҳар йили байрам дастурхонига бепул егулик олиш учун Шимолий Мурга бориб ҳам келардик.
Энди ўйланг, «Уэмбли»ни икки марталаб тўлдириши мумкин бўлган даражада кўп болалар оч қолмоқда. Бу икки юз минг болакай ўз ватанидан қандай қилиб фахрланади агар қорни оч бўлса? Ўн йил олдин мен ҳам улардан бири эдим, ва катта эҳтимол, бугун менинг овозимни эшитмаган бўлардингиз.
Етарлича таъминланмай туриб, фарзанд кўраверадиган оилаларни ҳам айблашмоқда, бу ҳақида сўнгги кунларда кўп ўқидим. Менинг онамни ҳам худди шунда айблаш мумкин, лекин мен меҳр ва муҳаббат оғушида катта бўлганман. Ишонинг, мендан бойроқ дўстларим бор эди, лекин менчалик она ёки ота меҳрини ҳис қилишмаган.
Сиздан шуни сўрайманки, яна бир бор ўйлаб кўринг, гап сиёсатда эмас, ахир ҳеч қайси бола уйқуга оч қорин билан ётишини сиз ҳам истамайсиз-ку?»
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон аввалига Рэшфорднинг илтимосини, яъни ёзги таътил пайтида ваучерлар тизими давом этишини рад этди.
«Бош вазир муаммони тушуниб турибди, шунинг учун ҳам ҳукумат мамлакатдаги кам таъминланган оилалар учун 63 миллион фунт ажратади», деб изоҳлади Жонсоннинг вакили.
Мухолиф партиянинг ҳисоб-китобларига қараганда, бу маблағ етарли эмас, ваучерлар тизими давом этиши учун камида 115 миллион фунт керак бўлади. Рэшфорд тўхтаб қолмади, ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатди, ҳамфикрларини йиға бошлади Бир кунда унинг чақириғи олтмиш мингдан кўп ретвит йиғди.
Душанба куни у The Times нашрига ёзиб, ўзини қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик билдирар экан, ҳали якуний натижага эришилмаганини маълум қилди. Ҳужумчи бу вазиятни худди ўтган йили «ПСЖ»га қарши ЕЧЛ ўйинидаги пенальтига қиёслади. Маркус ўша пенальтини голга айлантирган, лекин якунда, унинг жамоаси барибир совринни қўлга кирита олмаганди.
«Мен парламентдаги депутатдан ўзимни ақллироқ ҳисобламайман. Лекин бу ҳолатлар мен учун жуда яқин. Миллионлаб болалар учун бу қарор қанчалик муҳим эканини яхши ҳис қиламан. Ўн йил олдин улардан бири эдим.
Очлик қандай бўлишини яхши биламан. Баъзида ўртоқларим мен бирор нарса еб олишим учунгина уйига чақиришарди. Уларнинг ота-оналари менинг қорним тўйганига амин бўлишгач, хотиржам бўлишарди. Бу менинг атрофим. Мени Маркус Рэшфордга айлантирган меҳр. Манчестер марказидан автобусда ўтар эканман, ҳар куни уйсиз, бечораларни ҳар бурчакда кўрардим ва ўзимга ўзим, қачондир шуларга ёрдам бериш имкониятига эга бўлсам, албатта ёрдам бераман, деб қасам ичгандим», дейди Англия терма жамоаси ҳужумчиси.
«Келаси сафар душда сувни очганингизда, карантин пайтида суви ўчириб қўйилган оилаларни ўйланг. Чой ёки қаҳва дамламоқчи бўлганингизда, кимлардир пандемия даврида ишсиз қолиб, электрга пул тўла олмай қолгани ҳақида фикр қилинг. Музлатгични сут олиш учун очганингизда, икки юз мингдан ортиқ болалар уйида бўм-бўш полкалар қаршисида «Нима учун?» деб савол бераётганини тасаввур қилинг. «Нега бизнинг келажагимиз ҳеч кимга керак эмас?».
Бу Англиянинг бугунги кўриниши ва агар вақтида эътибор бермасак, фикрлашимизни ўзгартирмасак, бу танглик яна узоқ, авлодлар оша давом этаверади.
Терма жамоа либосини кияр эканмиз, ҳар қандай рақобатни йиғиштириб қўямиз - биз Англия, ва биз бирмиз. Бугун барча депутатларни ўзаро мусобақалашишдан тўхтаб, бу масалада ён беришни сўрайман. Қийинчиликларни енгишга ёрдам беринг. Илтимос, ёзда ҳам ваучерлар схемаси ишлашини таъминланг. Минглаб оилаларни яна бир муаммодан қутқаринг».
Маркус Рэшфордни нафақат мухолиф партия, балки Борис Жонсон тарафдорлари ҳам қўллай бошладилар. Рэшфорднинг очиқ хатини Гари Линекер ҳам улашди - «Қани, Борис Жонсон, мана бу ёш йигитга ҳаётидаги энг муҳим вазифани бажаришда ёрдам беринг».
«Бепул мактаб егуликлари кам таъминланган оилалар учун қутқарув баллони, келинглар, шу сафар ҳаммасини тўғри бажарайлик, уларни қутқарайлик», деб ёзди Жонсон партиясидан бўлган консерватор-депутат Жорж Фриман.
«Бугун парламентдаги консерваторлар Маркуснинг хатини ўқийдилар ва бу масалада ҳукуматни қувватлаш керакми, йўқми, қийналадилар, чунки улар ҳам болаларга ёрдам беришни исташлари табиий. Ҳозир гап партиянинг сиёсатида эмас, ёзги таътил пайтида болаларимизнинг оч қолмасликлари ҳақида», деди мухолиф лейбористлар партияси вакили, партиянинг таълим вазири Ребекка Лонг-Бейли.
Албатта, қарши фикрлар ҳам бўлди. Масалан, Англияда таниқли медиа-шахсият саналган Кэти Ҳопкинс ижтимоий тармоқларда футболчига қарши фикрлар билдирди.
«Азизим, Маркус Рэшфорд. Аёл киши боласини боқиш боқа олмаслиги ҳақида, туғишдан олдин ўйлаши керак эмасми? Мен бошқаларнинг боласи қорнини тўйдириш учун пул тўлашни истамайман. Ҳурмат билан Кэти Ҳопкинс», деди у.
Табиийки, аёл аввалдан мағлубиятли баҳсга киришганди. Биринчи бўлиб «Кристал Пэлас» сардори Патрик ван Анҳолт чидаб туролмади. «У бу мамлакат учун сен бутун умр қилганингдан кўпроқ хизмат қилди. Қиролга таъзим қил», деб жавоб берди у.
Кейин эса, Ҳопкинс Рэшфордни тролл қилишни бошлади. Ўзининг гўёки «Сити» либосида Рэшфорд билан майдонда курашаётгани ҳақидаги мэмни қўйиб, ўзининг кўк рангда эканига шаъма қилмоқчи бўлди - «менга кўк ранг ярашади, шунчаки айтдим қўйдим».
Аммо бу ҳазил «Манчестер Сити» расмий аккаунтига ҳам ёқмади. «Бу бизнинг кўк эмас, шунчаки айтдик қўйдик», деб ёзди Манчестернинг кўк тарафи. Маркус Рэшфорд футболдаги рақиб жамоага миннатдорчилик билдирди - «A City United».
***
Одатда, намунавий фуқаро деганда, вақтида солиқларни тўлайдиган, қонунларга амал қиладиган инсон тушунилади. Лекин керак бўлганда, ўша ҳамманики бўлган пулга эгалик қилишда, уларни назорат қилишда, халқнинг пулини тўғри ва керакли томонга йўналтиришда ўз фуқаролик, ижтимоий позициясини намойиш қилиш, бошқаларни шунга ундаш, ортга чекинмай охиригача ҳаракат қилиш ҳам жуда муҳим. Бу ҳам намунавий фуқаронинг масъулиятидир.
Хуллас, ҳаракатлар бекор кетмади. Маркус ғалаба қозонди. Сешанба куни кечга бориб, ҳукумат бепул ваучерлар тизимини ёзда ҳам давом эттиришга қарор қилди ва бунинг учун 120 миллион фунт ажратди.
«Мен нима дейишга ҳам ҳайронман. Ҳаммамиз бирлашсак, нималарга қодир эканимизни кўринг. Бу 2020 йилдаги Англия», деб ёзди у твиттерда.
Аслида шу кунларда Евро-2020 ўйинлари аллақачон бошланган, Маркус Рэшфорд эса, Англия терма жамоаси либосида жамоасини олдинга бошлаётган, бутун Англия уни қўллаб-қувватлаётган бўлиши керак эди. Балки Англиянинг олтин авлоди тарихда биринчи марта Европа чемпиони бўлиши ҳам мумкин эди.
Лекин бизнингча, мана бу кураш янада жиддийроқ, янада, муҳимроқ, янада буюкроқ. Ғалаба муборак, Рэшфорд. Ғалаба муборак, Англия!
Қаҳрамон Асланов тайёрлади
Мавзуга оид
16:05 / 08.11.2024
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
16:20 / 02.11.2024
«МЮ»да янги бош мураббий. Клуб Рубен Аморимни танлашига 4 сабаб
17:38 / 28.10.2024