Иқтисодиёт | 17:40 / 22.06.2020
5213
2 дақиқада ўқилади

Deutsche Bank инвесторларнинг долларга нисбатан талаби пасайишини тахмин қилмоқда

Экспертнинг фикрича, иккинчи тўлқин АҚШ долларининг бошқа мамлакатлар валюталарига нисбатан жиддий пасайишига олиб келиши мумкин.

Фото: EPA-EFE/FACUNDO ARRIZABALAGA

COVID-19 пандемиясининг иккинчи тўлқини юз берадиган бўлса, инвесторларнинг захира валюта сифатида АҚШ долларига бўлган талаби сезиларли даражада пасайиб кетиши мумкин. Бу ҳақда Deutsche Bank эксперти Самир Гоэл CNBC телеканалига берган интервьюсида айтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда валюта бозорлари коронавируснинг иккинчи тўлқини юз бериши эҳтимоли  сабабли қарама-қаршиликларга дуч келмоқда. Экспертнинг фикрича, иккинчи тўлқин АҚШ долларининг бошқа мамлакатлар валюталарига нисбатан жиддий пасайишига олиб келиши мумкин.

Гоэлнинг қайд этишича, март ойидан бери инвесторлар доллар ўрнига «ўнлик гуруҳи» (Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Япония, Бельгия, Нидерландия, Швеция, Канада, Швейцария) мамлакатлари валюталарини афзал кўрмоқда. 

«Долларга бўлган фавқулодда талаб пасаймоқда», — деди у.

Эксперт шунингдек, АҚШнинг карантин чекловларидан чиқиш стратегияси бошқа мамлакатларникига нисбатан ёмонроқ кўринаётганини қайд этди.

Гоэл Хитой валютаси кучайиб бораётганини ҳам айтди.

«Юань нисбатан барқарорлигини кўрдик ва бу қисман кўплаб дивидендлар тўлови ҳамда АҚШ-Хитой ўртасидаги шов-шувлар билан боғлиқ», — деб хулоса қилди эксперт.

Мавзуга оид