Жаҳон | 23:42 / 25.06.2020
6332
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ Европада коронавируснинг янги тўлқини бошлангани ҳақида огоҳлантирди

Германияда май охирида кунига 200-300 атрофида касаллик юқтириш ҳолати қайд этилган бўлса, июнь бошларида бу кўрсаткич 300-500тага етган, 18 июнь куни эса мамлакатда 1,2 мингта ҳолат аниқланган.

Фото: Yara Nardi / Reuters

Охирги икки ҳафта давомида Европанинг 30 мамлакатида коронавирус юқтириш билан боғлиқ янги ҳолатларнинг ўсиши қайд этилди. Бу ҳақда ЖССТнинг Европадаги минтақавий директори Ханс Клюге маълум қилди.

«Охирги икки ҳафта давомида 30 мамлакат коронавирус юқтириш билан боғлиқ ҳолатларнинг ошишига дуч келди. Бу мамлакатларнинг 11тасида инфекция тарқалиш суръатининг тезлашиши касалликнинг қайталанишига олиб келди. Агарда эътиборсиз қолдирилса, бу соғлиқни сақлаш тизимларини яна жар ёқасига олиб келиши мумкин», — деди у.

Клюге мамлакатлар номини айтмади, аммо AFP агентлигининг қайд этишича, улар орасида Германия бўлиши мумкин. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Германияда май охирида кунига 200-300 атрофида касаллик юқтириш ҳолати қайд этилган. Июнь бошларида бу кўрсаткич 300-500тага етган, 18 июнь куни эса мамлакатда 1,2 мингта ҳолат аниқланган. Ушбу ҳафтада Португалия чекловларни қисман тиклади.

ЖССТ маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан буён Европада коронавирус юқтириш билан боғлиқ 2,6 млн ҳолат қайд этилган. 

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганини маълум қилганди.  

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид