Жамият | 23:35 / 25.06.2020
39998
2 дақиқада ўқилади

Никоҳни қайд этиш муддатини бир неча ойга узайтириш таклиф қилинди

Қонунчиликка кўра, никоҳ ариза берилганидан 1 ой ўтгач рўйхатдан ўтказилади. Бу муддатни 6 ойга, ҳеч бўлмаса 3 ойга узайтириш керак, деб ҳисоблайди Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида оилавий ажримларни камайтириш масаласида давлат ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигини ошириш масаласида амалий анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Анжуманда иштирок этган Олий суд раиси ўринбосари – Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоровнинг фикрича, оилавий ажримларнинг юзага келаётгани сабабларидан бири – ёшларнинг бир-бири ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслигидир.

Фото: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати

«Илгари ота-боболар аввал нон синдирган, бир-бирига ҳайитлик жўнатган, тўйдан аввал 1-2 йил кутган. Бу орада йигит ва қиз бир-бири билан учрашган, бир-бирини ўрганган. Ҳозир эса 20 кун ичида тўй қилиб юборишяпти. Ёшлар бир-бирининг феъл-атвори ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Кейинчалик оилада келишмовчилик юзага келиб, ажрим бўлишининг сабабларидан бири ҳам шу. Бунга эътибор қаратиш керак.

Қонунчиликда никоҳга кириш учун ариза бергандан кейин 1 ойдан кейин рўйхатдан ўтказилади. Бу муддатни 6 ойга ўзгартиришга ҳам розиман. Ҳеч бўлмаганда, 3 ойга узайтириш керак.

Бу орада ёшлар бир-бири билан гаплашсин, ўргансин. Агар феъл-атвори тўғри келмаса, ўша пайтнинг ўзида, никоҳга кирмасдан туриб ажрашиб кетсин», деди Олий суд судьяси.

Фото: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистонда аёллар учун никоҳ ёши 17 ёшдан 18 ёшга оширилиб, эркаклар учун белгиланган меъёрга тенглаштирилган эди.

Мавзуга оид