Ўзбекистон | 14:35 / 26.06.2020
28162
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» ходимида ва Сергели тумани ҳокимлигида вирус чиқди

25 июнь куни Тошкентда Сергели тумани ҳокимлиги ходимида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ходими ва Чилонзор туманида яшовчи сантехникда вирус аниқланган. Шунингдек, Учтепа, Олмазор, ва Шайхонтоҳур туманларида ҳам аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 июнь куни Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

«Тошкент шаҳрида аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари бошқа ҳудудларга қараганда ҳамон юқорилигича қолмоқда. Аввал хабар қилганимиздек, 24 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 239 нафар бемордан 31 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 25 июнь куни эса 276 нафар бемордан 24 нафари аҳоли орасида тасдиқланиб, шундан 17 ҳолатда пойтахтимизда аниқланди.

Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи янада ошган, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати эса бироз пасайганини кўриш мумкин», дейилади вазирлик хабарида.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги Сергели тумани хокимлиги ходими А.Т.да (профилактик мақсадда намуна топширган), «Ўзбекнефтгаз» АЖ ходими А.Қ.да (профилактик текширув давомида аниқланган), Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази санавиация ходими С.У.да (коронавирусга гумон қилинган беморларга тиббий хизмат кўрсатган) ҳам касаллик қайд этилган.

Шунингдек, Учтепа туманида яшовчи 2 нафар фуқарода (тана ҳарорати юқорилиги сабабли шифохонага мурожаат қилишган), Шайхонтоҳур туманида яшовчи С.З.да ҳамда Олмазор туманида яшовчи Р.А.да (ҳар икки ҳолатда ҳам тана ҳарорати кўтарилгани сабабли поликлиникага мурожаат қилган), Чилонзор туманида яшовчи (сантехник) У.И.да коронавирус инфекцияси аниқланган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайганлиги сабабли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларини  карантин  ва санитария қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраб қолади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид