Ўзбекистон | 08:40 / 26.06.2020
14263
4 дақиқада ўқилади

Президент «Акфа» университети бўйича янги қарор имзолаши кутиляпти

“Акфа” университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Президентнинг “Акфа Университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Акфа Университети” МЧЖнинг:

а) “Акфа Университети” МЧЖ Корея Республикасининг “Гачон Университети” билан ҳамкорликда тиббиёт йўналишида олий таълим бериш фаолиятини амалга ошираётганлиги;

Университет Корея Республикасининг “Гачон Университети”, “Сеул миллий Университети” ҳамда Япония давлатининг “Нагоя университети“ билан ҳамкорликда фармацевтика, профессионал ҳамшираликка тайёрлаш, радиология, стоматология бўйича янги таълим йўналишларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришганлиги ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинади;

б) Президентнинг 2019 йил 1 февралдаги ПҚ-4145-сон қарорига мувофиқ университет негизида Германия Федератив Республикасининг юқори рейтингга эга бўлган Бремен университети (Universitat Bremen), Вестфаль аниқ фанлар университети (Westfälischen Hochschule), “Штайнбайс” номидаги Берлин университетлари (Steinbeis Hochschule Berlin, SHB) билан техник йўналишдаги факультетлар ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилаётганлиги тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинади;

в) Университетда факультетлар ҳамда талабалар сонини янги таълим йўналишларини очиш орқали ошириш, замонавий ўқув, ўқув-амалиёт бинолари, кампуслар, спорт иншоотлари, лабораториялар ҳамда ёрдам биноларни ҳамда тиббиёт йўналишида таълим олаётган талабалар ўқув-амалиётларини ўтиши учун замонавий тиббиёт комплексини қуришни ўз ичига олган умумий қиймати 580 млрд. сўм бўлган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш таклифи маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет биргаликда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестиция шартномасини тузади. Инвестиция шартномасида кутилаётган ижтимоий-иқтисодий самара ва янги иш ўринларини яратиш ҳажми ўрганилган ҳолда, солиқлар ва тўловлар бўйича қўшимча имтиёзлар бериш, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун инвестор томонидан олинадиган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини субсидиялаш ва қонунчиликда белгиланган бошқа бир қатор имтиёз ва преференциялар бериш тартиби келишилади.

Инвестиция лойиҳасининг амалга ошириш қуйидаги босқичларда амалга оширилиши белгиланади:

биринчи босқич – 2021 йил IV-чорагида, жами 175 млрд сўм;

иккинчи босқич – 2024 йил IV-чорагида жами 226 млрд сўм;

учинчи босқич – 2027 йил IV-чорагида 179 млрд сўм.

Тошкент вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Университетга замонавий ўқув бинолари, ўқув-амалиёт бинолари, кампуслар, спорт иншоотлари қуриш ва жиҳозлаш учун Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Унқўрғон ҚФЙ, Парвоз МФЙ ҳудудида жойлашган, Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖ балансида бўлган 29,48 га ер майдонини доимий фойдаланишга ажратиб беришни таъминлайди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖга қарашли мулкларни бузиш, дарахт кўчатларини Тошкент шаҳрига экиш учун кўчириш ишларини ташкиллаштиради.

Мавзуга оид