Жамият | 18:52 / 30.06.2020
22215
9 дақиқада ўқилади

«Қизимни ўз уйимдан узатсам дейман» – Ватанда ватансиз яшаётган мусофир аёл ҳикояси

Бугун кўпчилигимиз тонг отганда ўз уйимизда уйғонамиз. Бу биз учун шунчалик одатий ҳолки, ўз уйимизда яшаётганимиз учун шукр қилиш хаёлимизга ҳам келмайди. Аммо сиз-у биз билан бир ҳавода нафас олаётган одамлар орасида қанчадан-қанда уйсизлар, ўз ватанида ватансизлар бор...

Kun.uz'да ҳаёт қийинчиликларини кўрган бир неча аёлларнинг ҳикоясини ўқиган бўлсангиз керак. Ҳа, аёллар эркакларга қараганда сабрлироқ бўлишади, ҳар нарсани ҳам ташқарига чиқаравермай, ичга ютишади. Умид қиламиз, бундай инсонларнинг ҳикояси инсонларни шукр қилишга, атрофдагиларга ёрдам беришга ундайди. Биз фақат хабаримиз бўлган мураккаб тақдирларнигина ҳикоя қилиб, сизга илиняпмиз. Аслида орамизда уларнинг сони шунчалик кўпки...

Бу галги ҳикоямиз қаҳрамони бири 15, бири 13 ёшли болаларнинг онаси. Қўчқорова Гулноза Хоразм вилоятининг Гурлан туманидан. Бугун тақдир тақазоси билан Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшаяпти. Мусофирликда улғайиб қолган икки фарзандини боқиш ва уларга яхши келажак бериш учун ҳаракат қилмоқда. Мусофир онанинг ҳикоясига қулоқ тутсак.

«Ургут иккинчи ватаним бўлади деб ўйламагандим»

«Аввало Ургут ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ер менга бегона эмас. Болалигимда онам Ургутга гуруч сотгани келар ва мен мактабдан таътил берилган пайтлар унга қўшилиб тез-тез келиб турардим. Ўшанда қачонлардир Ургутни иккинчи ватан тутишим ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман.

Отам ёшлигимда вафот этиб онам уч қиз билан ёлғиз қолган. Кейинроқ онам яна турмуш қурди. Мактабни битиришим билан онам мени узатиб юборди. Ўшанда ёш, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган пайтларим эди. Олдинма-кетин икки фарзандим туғилди. Бу орада эрим билан Ургутга гуруч олиб келиб сота бошладик. У вақт қайнота-қайнонам билан бирга турардик».

«Уйимизга ўт тушди...»

«Ургутда гуруч сотар эканмиз моддий аҳволимиз яхшиланиб борди. Бу орада эрим ичиб, ёмон йўлларга юра бошлади ва оиладан барака кўтарилди. 2012 йил декабрнинг охирида эр-хотин бозорда эканимизда ижарада яшаётган уйимизда ёнғин чиқади. Ўшанда фарзандларимни ўйлаб бозордан ижара уйга қандай етиб борганимни билмайман. Борсак ўт ўчирувчилар болаларимни соғ-омон олов ичидан қутқариб чиқишган экан. Ёнғинни ҳам ўчиришди.

Шундан сўнг уй эгаси бўлган ижарачи зарарни тўлаймиз деганимизга қарамай, бизни судга берди. Унинг аризасига гарчи уйига зарар етмаган бўлса ҳам бир-икки қўшнилар ҳам қўшилган. Биз бошқа ижара уйга кўчиб ўтдик. Ёнғин содир бўлганидан бир ҳафта ўтиб, 2013 йилнинг январь ойида эрим «Онамнинг мазаси қочибди, бориб хабар олиб, тезда қайтиб келаман», деб Ургутда ижарада яшаётган уйимиздан чиқиб кетгунича қайтиб келмади. Ургутда икки болам билан ёлғиз қолиб кетдим.

Бу орада ёнғин иши судда кўрилди, уй эгаси ва унинг қўшниларига ўша пайтда жуда катта сумма тўлашимиз кераклиги ҳақида ажрим чиқди. Ёнимда эрим йўқ, қўлимда пулим ҳам қолмаганди. Гуруч бозордаги танишларим жонимга оро кириб, қарз бериб туришди.

«Фикр-у хаёлим қарзни тўлашда эди»

«Ниҳоят орадан бир йил ўтиб эримдан дарак чиқди: ишлаш учун Россияга кетган экан. У менга қўнғироқ қилиб, Санкт-Петербург шаҳрига боришимни, у ҳам ўзи ишлаётган шаҳардан ўша шаҳарга ўтишини, бирга ишлаб қарзларни узишимизни айтди. Мен унга ишониб болаларимни Хоразмга олиб бориб қайнонам ва овсинимнинг қўлига топширдим-да, Петербургга жўнадим. Аммо эрим у ерга бормади. Шундан сўнг ўзим ўша ерда ишлаб, топган пулимни қарз бўлган одамларимга жўната бошладим. Икки йилдан кўпроқ дам олиш кунларисиз, икки сменада дуч келган ишни қилдим. Уйим ёнганда менга ишониб қарз берган инсонларнинг ишончини суиистеъмол қилишни хоҳламасдим. Шу учун фикр-у хаёлим қарзлардан тезроқ қутулишда эди».

«Бир куни қўнғироқ бўлди...»

«Бир куни қизимнинг ўқитувчиси қўнғироқ қилиб қолди. У тезда Хоразмга қайтиб, қизимга қарашимни, акс ҳолда уни ва ўғлимни болалар уйига топшириб юборишини айтди. Ўқитувчининг айтишича, қизим озиб кетган, соғлиғи яхши эмас ва бу аҳволда ногирон бўлиб қолиши мумкин экан. Овсинимга қўнғироқ қилиб, қизимни касалхонага олиб боришини илтимос қилдим. Овсиним эса бу ишни қила олмаслигини айтди.

Менга қарз берган одамларга қўнғироқ қилиб, яна қанча қарзим қолганини сўрадим. Улар қарзни тўлаб бўлганимни айтишди. Менимча, улар қолган қарзимни кечиб юборишганди. Йўлкира учун яна бир ой ишладим-да, Хоразмга учдим. Самолётдан тушиб мактабга бордим ва болаларимни олиб тўғри Ургутга келдим. Эримни эса умуман кўрмадим. Кейин билсам, у бошқа аёлга уйланиб олган экан. Орадан бироз ўтиб у судга ариза берди ва шу тариқа ажрашдик. Мен Хоразмга қайтиб бормадим ва Ургутда яшаб қолиб кетдим. Қизимнинг буйраги шамоллаб кетган, гепатит бўлган экан, уч йил давомида муттасил даволатдим. Бир тарафдан тирикчилик, иккинчи тарафдан қизимни даволаш учун пул топишим керак эди, аёл бошим билан жуда қийналдим».

«Онамни судга бермайман-ку»

«Карантин бошлангунча Ургутдаги майиз бозорда ҳафтада икки кун чой, қаҳва, турли егуликлар сотиб, кунимизни кўраётгандик. Бундан ташқари, эрим ҳар ой 305 минг сўм алимент тўлайди. Карантин бошлангандан кейин бозор ёпилди ва уйда ўтириб қолдим. Шароитимиз оғирлаша бошлагач, ҳокимиятга ёрдам сўраб бордим. Барака топишсин, уч марта озиқ-овқат масаласида ёрдам беришди.

Уч йилдан бери яшаётганимиз бу жой ургутлик яхши одамлардан бириники. Бу аслида нотураржой ҳисобланади, аммо икки фарзандим билан амаллаб яшаяпмиз. Оғир аҳволда қийналиб яшаётганимни кўрган баъзилар ота ҳовлимга қайтиб бориб унинг ярмига эгалик қилишим кераклиги маслаҳат ҳам беришди. Аммо ота ҳовлимиз ҳам унча катта эмас. Қолаверса, ер учун онамни судга берадиган даражада виждонсиз эмасман».

«Қизимни ўз уйимдан узатсам дейман»

«Қизим 15, ўғлим 13 ёшда. Иккаласи ҳам мактабда яхши ўқийди. Қизим иқтидорли, мактабдан кейин инглиз тилидан қўшимча дарс олади. Ейиш-ичишимизда етишмовчилик бўлганда ҳам қизимнинг қўшимча дарсга бориши учун амаллаб пул топиб бераман. Қизимни президент мактабида ўқитсам дейман, у инглиз тилини яхши ўзлаштиряпти.

Бугун яшаётган жойимизнинг эгаси бизга қанча муддат бўлса ҳам яшайверинглар деган, аммо бу ер нотураржойлиги учун барибир бир кун чиқиб кетишимизга тўғри келади. Қизим 15 ёшда, ҳадемай балоғатга етади. Уни ўз уйимиздан узатсам дейман... Уй-жой масаласида Ургут туман ҳокимиятига бир неча бор мурожат қилдим, аммо пропискам ҳамон Хоразмда. Ургутда ҳатто вақтинчалик рўйхатдан ҳам ўтмай яшаб келаяпмиз. Шу учун ҳокимиятдагилар менга ёрдам бериш масаласида чорасиз қолишяпти.

Ўзимга қолса, ҳозироқ Хоразмдан чиқиб келиб, Ургутда рўйхатдан ўтаман, аммо мени ва болаларимни ким ҳам ўз уйига рўйхатга қўяди? Агар уй-жой муаммоси ҳал бўлса ўша заҳоти Хоразмдан чиқиб келаман ва Ургутда доимий рўйхатдан ўтаман. Карантиндан аввал ички ишлар ходимлари рўйхатдан ўтмай яшаётганим учун мени жарима қилмоқчи ҳам бўлишди. Уларга вазиятни тушунтирган эдим, ҳартугул ҳолатимни тушуниб, жарима қилишмади».

«Ургут ватанимга айланди»

«Мен энди Хоразмга қайтмасам керак. Фарзандларим шу ерда мактабга чиқишди, шу ернинг шароитига ўрганишди, шу ерда дўст орттиришди. Ҳозир яшаб турган жойимни бир киши шундоқ бериб қўйган. Қолаверса ёнимиздаги майиз бозори ва гуруч бозори раҳбарлари тез-тез ёрдам бериб туришади. Ўтган йил ёзги таътилда онамнинг олдида бир муддат яшадик. У жойлар мен учун бегонага айланиб бўлибди, ўзимни меҳмондай ҳис қилдим. Ургут менинг ватанимга айланиб қолди, шу учун келажакда ҳам шу ерда яшасам дейман, болаларим ҳам. Қанийди Ургутда кичиккина уйимиз бўлса...».

Ҳикоямиз қаҳрамони яшайдиган жойни кўриш учун борганимизда, кичик бир хонада уч киши ноқулай шароитда яшаётганига гувоҳ бўлдик. Аёлнинг қизи инглиз тилида бурро гапираётганини кўриб, офарин дедик. Ўғли ҳам соғлом, ақлли йигит. Она бугун жуда кўпчилик учун оддий бўлган нарсаларни хоҳлайди: фарзандларини яхши ўқитиш, қизини ўз уйидан турмушга беришни орзу қилади. Аммо тақдир уни ўз ватанида ватансиз яшашдек синов билан синаган. Умид қиламиз, саҳоватли инсонларнинг ёрдами билан орамиздаги бир орзуманд инсон ўзининг жуда оддий орзусига етишади...

Қўчқорова Гулнозанинг пластик карта рақами: 8600 0423 9405 7383

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид