Ўзбекистон | 20:11 / 01.07.2020
6794
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бу йил 19 минг тонна ортиқча гуруч етиштирилиши кутилмоқда

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Нигора Хўжаева АОКАда ўтказилган брифингда 2020 йил учун экин экиш ҳажми ва кутилаётган ҳосил миқдори ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йилда 410 минг гектар ерга сабзавот, 83 минг гектар ерга картошка ва 87 минг гектар ерга полиз экинлари экилган. Жорий йил якунига қадар кутилаётган ҳосил ҳажми 11 млн 974 минг тонна сабзавот, 2 млн 916 минг тонна картошка ва 2 млн 504 минг тонна полиз маҳсулотларини ташкил қилади.

«Шунингдек, 2020 йилда ҳосил олиш учун ўтган йилнинг куз ойларида жами 206 минг гектар ерга тўқсонбости усулида сабзавот (сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, карам, брокколи, кўк пиёз, укроп, кашнич, петрушка, айсберг салат, руколло) экилган бўлиб, шундан 81 минг гектари фермер хўжаликлари, 125 минг гектари аҳоли томорқалари ҳисобига тўғри келади.  

Ушбу тўқсонбости экинларидан ҳамда баҳорги эртаки экинлардан бугунги кунда 4 млн 992 минг тонна сабзавот маҳсулотлари йиғиштириб олинган», дея Нигора Хўжаеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, 2020 йилда барча тоифа хўжаликларининг асосий, боғ-ток қатор оралари, лалми ва такрорий майдонларнинг 423,4 минг гектарида дуккакли, 101,7 минг гектарида мойли, 9,2 минг гектарида чорва озуқаси маҳсулотларини етиштириш белгиланган.

Маълум қилинишича, жорий йилда 19 минг тонна ортиқча гуруч етиштирилиши кутилмоқда.

Вазирлик вакилининг қайд этишича, республикада гуручга бўлган ўртача йиллик эҳтиёж 333,2 минг тоннани ташкил этади. Бу кўрсаткич аҳоли жон бошига 9,8 килограммга тенг.

«Республика бўйича 2019 йилда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан 400 минг тонна шоли етиштирилган (2018 йилга нисбатан 216 минг тонна кўп) бўлиб, режа 110 фоизга бажарилган.

Шунингдек, 2019 йилда 13,7 млн АҚШ доллар қийматида 58,7 минг тонна, 2020 йилда 85 минг АҚШ доллар қийматида 620 тонна гуруч импорт қилинган», деган вазирлик вакили.

Маълум қилинишича, жорий йилда республикадаги 96та туманда 128 минг гектар ер майдонида (74,8 минг гектар асосий, 53,3 минг гектар такрорий) шоли экилиши ва 641 минг тонна ҳосил етиштирилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид