Жамият | 21:25 / 02.07.2020
58521
2 дақиқада ўқилади

Наманганда тўрт эгизак дунёга келди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманганда 4 нафарли эгизак дунёга келгани, уларнинг барчаси ўғил экани ҳақида хабар берди.

«Ҳаётда шундай мўъжизалар рўй берадики, беихтиёр қалбингизни ҳайрат ва қувонч қамраб олади.

Наманган вилояти Поп туманида яшовчи Ҳозировлар хонадонида бир йўла 4 нафарли эгизак дунёга келди. Уларнинг отаси Баҳодир Ҳозиров 31 ёшда бўлса, онаси Мадина Икрамова 30 ёшда бўлиб, тўйлари 2016 йил 26 октябрда бўлган. Табиийки, ота-онанинг бу воқеадан  қувончи чексиз.

Аёлга оналик бахтини ҳадя этиш ҳам машаққатли, ҳам шарафли. Бу йўлда Наманган вилоят перинатал марказида барча шароит шароитлар  яратилган бўлиб, ходимлар фидойилик билан меҳнат қилишмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Маълум бўлишича, 1-бола 902 грамм, 2-бола 1360 грамм, 3-бола 1701 грамм, 4-бола эса 1400 граммни ташкил этган.

Айни пайтда онанинг ҳам, чақалоқларнинг ҳам аҳволи яхши бўлиб, марказ шифокорлари назоратида малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

«Онага туғруқ жараёнига қадар замонавий перинатал технологиялар бўйича барча замонавий ёрдам кўрсатилди. Болаларни соғ-саломат она қўлига топшириш мақсадида тажрибалар шифокорларимиз билан туғруқ режасини тузиб олдик. Туғруқ жараёни учун барча зарур ҳозирлик кўрилди. Ҳар бир болага тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатиш учун алоҳида мутахассислар ва аппаратлар тайёрланди. Натижада мураккаб  амалиёт  самарали якунига етказилди», дейди вилоят перинатал маркази директори Ирода Муҳитдинова.

Мавзуга оид