Жаҳон | 23:42 / 05.07.2020
17109
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги илк музёрар яхта сувга туширилди

Фото: Instagram/la.datcha

Нидерландияда дунёдаги илк музёрар яхта La Datcha сувга туширилди. Ушбу яхта россиялик тадбиркор, “Тинькофф-банк” асосчиси Олег Тиньков буюртмасига кўра қурилган.

Forbes маълумотларига кўра, яхта 100 млн евро туради. Уни сентябрдан La Datcha сайти орқали ҳафтасига 740 минг евродан ижарага олиш мумкин бўлади.

Тегишли соҳани ёритувчи Yacht Harbour нашрининг маълум қилишича, хусусий музёрар яхта Флиссинген порт шаҳрида сувга туширилган. 77 метрлик яхтада батискаф, вертолётлар учун иккита майдонча, снегоходлар, иккита жакузи, сауна, массаж хонаси, тренажёр зали ва 6 та каюта бор. Яхта экипажнинг 24 аъзоси ва 12 йўловчига мўлжалланган. У такомиллашган ёнилғи баклари ва чиқиндиларни тўплаш тизими ҳисобига денгизда 40 кун қолиши мумкин.

“Дунё шунчалик улкан, ҳаётимиз эса шунчалик қисқаки, биз иложи борича кўпроқ нарсани тадқиқ қилишимиз лозим”, деб айтган Тиньков.

Тадбиркор яхта қурилиши ҳақида 2018 йилда маълум қилган. У яхтада йилига 20 кун сузишни, қолган вақт эса уни ижарага беришни режалаштирган. 2019 йилда тадбиркорда оқ қон касаллиги аниқланган, 2020 йилда эса у коронавирусни бошдан ўтказган.

Мавзуга оид