Ўзбекистон | 17:56 / 05.07.2020
3099
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ХМТнинг яна учта конвенциясини ратификация қилади

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг учта конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Булар – «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда ишчиларга компенсация тўлаш тўғрисида», «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 1952 йилдаги конвенцияни қайта кўриб чиқиш тўғрисида» ва «Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш асослари тўғрисида»ги конвенциялардир.

Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов 1 июль куни бўлиб ўтган ХМТ Глобал саммитида маълум қилди.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Вазирлик хабарига кўра, 2019 йилда Ўзбекистон ХМТнинг 29-сонли Меҳнат Конвенциясига Протоколни ратификация қилган Марказий Осиёдаги биринчи мамлакат бўлган эди.

Шунингдек, республика ХМТнинг «Уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида», «Қишлоқ хўжалигидаги меҳнат назорати тўғрисида» ва «Саноат ва савдо соҳасидаги меҳнат назорати тўғрисида»ги учта конвенцияларини ҳам ратификация қилди.

Маълумот учун, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияга мувофиқ, Ўзбекистон ХМТнинг «Меҳнаткаш-мигрантлар тўғрисида», «Ҳақ тўланадиган таътиллар (1970 йилда қайта кўриб чиқилган) тўғрисида» ва «Эркак ва аёл ходимларга: оилавий мажбуриятларга эга ишчиларга тенг муносабат ва тенг имкониятлар тўғрисида»ги конвенцияларига ҳам қўшилиши мумкин.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Нозим Ҳусанов саммитдаги нутқида пандемия «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатганини таъкидлаб, бу борада ХМТ билан ҳамкорлик қилишга умид билдирди.

Вазир пандемия даврида аҳоли бандлигини рағбатлантириш, ишчиларнинг иш ўринлари ва даромадларини сақлаб қолиш, иш жойларида хавфсизлик ва меҳнат гигиенасини таъминлаш, камситиш ва ижтимоий изоляциялашни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ҳақида маълумот берди.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат қилувчиларга ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда зарарни қоплаш тўғрисидаги 17-сон Конвенциясини (Женева, 1927 йил 1 апрель) ратификация қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси май ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид