Жамият | 10:00 / 08.07.2020
10395
2 дақиқада ўқилади

Буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган Мафтунага операция учун ёрдам керак

Бир мурожаат изидан Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг сўлим Аммоғон қишлоғига йўл олдик. У шаҳар марказидан 45 км нарида, тоғ орасида жойлашган бир қишлоқ экан.

Бу ерга бизни муштипар она Саодат Жумаеванинг мурожаати бошлаб келди. Саодат опанинг атиргул ифори уфуриб турган, одмигина, бироқ ораста хонадонига кириб бордик.

Унинг 27 яшар, ҳали турмушга чиқмаган қизи Мафтуна Ғаниева 10 йилдан буён ўткир буйрак етишмовчилиги дардидан азият чекиб келмоқда. Мафтуна оиладаги тўрт фарзанднинг учинчиси, уч қизнинг ўртанчаси экан.

Улар айни дамда қарийб 160 км наридаги Қарши шаҳрида ҳафтасига уч марта гемодиализда қон тозалатишади. Мафтунанинг дардига ёрдам бериш учун Телеграмдаги турли гуруҳлардан хайрия ёрдамлари келиб турибди.

Энди Мафтунани буйрак алмаштириш операцияси қутқариши мумкин. Бунинг учун унинг туғишган опаси — Саодат опанинг тўнғич қизи донор бўлмоқчи.

Саодат опанинг айтишича, опа-сингилларнинг буйраги бир-бирига мос келишини аниқлаш учун ДНК таҳлили ўтказилиши керак. Дастлабки босқичда бу масала уларга 15 миллион сўм маблағ зарур бўлади. Оилада бунча пул йўқ. Онаизор эса саховатпеша халқимиздан ёрдам кутмоқда.

Инсон танаси ҳам бир дарахтга ўхшайди. Касалланган новда ўрнига соғломи пайванд қилинса у ўсишда давом этади. Мева беради.

Ҳеч кимнинг бошига бундай кунлар тушмасин экан. Оиланинг сўнгги уч йилда топган даромади қизнинг даволанишига сарф бўлмоқда.

Биз не не машаққатлар ва кўргуликларда жим қараб тура олмайдиган меҳрибон халқимизда Мафтунанинг дардига малҳам бўлишни сўраб қоламиз. Келинг, кўпчилик бўлиб бир қизнинг соғайиб кетишига ҳисса қўшайлик.

Эҳсон қилинадиган маблағларингизни Мафтунанинг онаси Саодат Жумаева номига очилган пластик карточкаларга ўтказиб беришингиз мумкин.

CLICK/PayME: 8600 0423 1219 9168 (Агробанк)

8600 0609 0701 2067 (Халқ банки)

Саодат Жумаева номида.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид