Жаҳон | 17:43 / 08.07.2020
4189
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президенти пандемияни зилзила ва цунамига қиёслади

Аввалроқ Жаҳон банки пандемия жаҳон иқтисодиётини чуқур турғунликка туширганини маълум қилганди.

Фото: Getty Images

Корея президенти Мун Чжэ Ин коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозни зилзила ва цунамидан кейинги ҳолатга қиёслади. У бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилотининг коронавирус пандемиясининг меҳнат бозорига таъсири бўйича глобал онлайн-саммитида айтди.

 "COVID-19 пандемияси бутун дунёга худди зилзила ва ундан кейин келадиган цунами каби зарба берди. Сайёрадаги ҳар бир давлат касаллик тарқалишини назоратга олишга ва шу билан бирга иш ўринларини сақлаб қолишга уринмоқда", - деди Мун Чжэ Ин.

 У айни дамда "меҳнат бозори қачон ва қандай тарзда барқарорлашиши борасида тахмин билдириш қийинчилигини, COVID-19 бутун сайёрани вайрон қилишда давом этаётганлигини" айтди.

 Аввалроқ Жаҳон банки пандемия жаҳон иқтисодиётини чуқур турғунликка туширганини маълум қилганди.

 Банк ҳисоб-китобларига кўра, бу йил сайёра иқтисодиёти 5,2 фоизга пасаяди. Бу рақам 2-Жаҳон урушидан кейинги энг жиддий пасайиш ҳисобланади. Аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши 1870 йилдан кейинги давр ичида энг кўп давлатни қамраб олади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг 2020 йил июн ойи учун эълон қилган «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» ҳисоботида сўз юритилган.

 Ички талаб ва таклиф, савдо ва молияга кўрсатган жиддий таъсирлар оқибатида ривожланган иқтисодиётга эга мамлакатларда иқтисодий фаоллик 7 фоизга қисқариши кутилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид