Жаҳон | 20:07 / 10.07.2020
37747
2 дақиқада ўқилади

Жонсиз ҳолда топилган Сеул мэрининг ўлимолди хати мазмуни ошкор қилинди

Жонсиз ҳолда топилган Сеул мэри Пак Вон Сун ўз ўлимолди хатида жасадини кремация қилиб, ҳокини ота-онаси қабри устидан сочиб юборишни сўраган ва барча билан видолашган. 

Yonhap ахборот агентлигининг маълум қилишича, Сеул мэри хатида кўплаб азоб-уқубатлар етказган оиласидан кечирим сўраган. 

“Барчадан кечирим сўрайман. Мен билан ҳаётим давомида бўлган барчага миннатдорлик билдираман. Оиламга фақат азоб-уқубатлар келтирганимдан жуда афсусдаман. Жасадимни кремация қилиб, ҳокимни ота-онамнинг қабри устидан сочиб юборишингизни сўрайман. Барча - алвидо”, деб ёзган марҳум мэр ўз хатида.

Мэрнинг қизи отасининг йўқолиб қолганини маълум қилгандан кейин полиция уни қидиришга тушган. Аёлнинг таъкидлашича, отаси васиятга ўхшаш хат қолдириб, уйдан чиқиб кетган ва бедарак йўқолган. Кейинроқ мэрнинг жасади Сеул шимолидаги Бугак тоғи ёнида топилган. Дастлабки тахминга кўра, Пак Вон Сун ўз жонига қасд қилган. 

Сеул мэри йўқолиб қолишидан олдин унинг котибаларидан бири уни тегажоғликда айблаб, мэр устидан судга арз қилган. Котиба ҳаттоки бунинг исботларини тақдим қилган. Котибанинг таъкидлашича, Пакнинг бундай ҳаракатларидан яна бир неча ходимаси жабр кўрган.

Сеул мэрининг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар катта эффект келтириб чиқарган, чунки у кенг қўллаб-қувватланувчи мэр бўлган, Жанубий Корея пойтахти мэри лавозимига сайловларда қаторасига 3 марта ғалаба қозонган.  Шунингдек, Пакнинг 2022 йилги сайловларда мамлакат президент лавозимига номзод бўлиши кутилаётганди. 

Мавзуга оид