Ўзбекистон | 23:50 / 10.07.2020
78942
3 дақиқада ўқилади

«Самарқанд шаҳрида аҳвол ёмонлашиб бормоқда» – Турдимов самарқандликларга мурожаат қилди

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят аҳолисига мурожаат қилиб, коронавирус тарқалиши бўйича ахборот берди. Вилоят ҳокими вазият ёмон эканини мурожаат давомида бир неча бор эслатиб ўтди.

«Вазият ёмон томонга қараб кетяпти. Вилоятда бир куннинг ичида, 10 июль куни 37та ҳолат аниқланди. Касалланганларнинг жами сони 573 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 475 нафари соғайган. Даволанаётган беморлардан 3 нафарининг аҳволи ўта оғир, 18 нафар бемор оғир аҳволда қолмоқда. 2 775 нафар фуқаролар карантинда бўлиб турибди», деган Турдимов. 

Вилоят ҳокими Самарқанд шаҳрида вазият жиддий эканини алоҳида таъкидлаб, бир кунда 27та ҳолат аниқланганига эътибор қаратди. Шунингдек, Паст Дарғом туманида 3 нафар, яна қатор туманларда 1 нафардан бемор аниқланганини айтди. Ҳоким аҳолини вазиятга жиддий қарашга чақирди.

«Республика бўйича бугундан эълон қилинган карантинга жиддий қарашингизни сўрайман. Чунки кўрсаткичлар яхши томонга кетмаяпти. Ижтимоий тармоқларда гувоҳ бўляпмиз, одамлар «бу йўқ нарса, ўйлаб топилган», деб карантин қоидаларини қўпол равишда бузишяпти. Мен бекорга 3 нафар фуқаронинг ўта оғир аҳволда эканлигини, 18 киши оғир ҳолатдалигини айтмаяпман. Бор нарса эканки, шундай кўрсаткичлар кузатиляпти. Ўзимизни, бир-биримизни асрамасак, ўлим ҳолатлари кўпайиши мумкин. Бунинг олдини олишимиз, фуқароларимизни асрашимиз керак. Асосий мақсад шу.

Жойларда барча туман ҳокимлари, мутасадди ташкилотлар кам таъминланган оилаларга, ишини йўқотган, қийналган оилаларга озиқ-овқат кўринишида моддий ёрдам кўрсатиб боради», деди ҳоким.

Турдимов фуқаролардан ўзларида касаллик аломатини сезган заҳоти тиббий муассасаларга мурожаат қилишини сўради: «Фуқароларимиз коронавирусга йўлиққандан кейин ўзларича даволаниб, пневманияга айлангандан сўнг тиббий муассасаларга мурожаат қилмоқда. Иситма пайдо бўлдими дарҳол тиббий муассасага мурожаат этишингизни сўрайман. Тиббиёт ходимлари, мутахассислар керакли чораларни кўришади.

Ўзимни даволайман, тез ўтиб кетади, бу ўткинчи нарса, иккита таблетка ичсам, яхши бўламан, деган нарсадан йироқ бўлинг, дарҳол тиббиёт муассасасига хабар беринг. Агар бирлашсак, коронавирусни енгамиз», деб сўзини якунлади Эркинжон Турдимов.

Мавзуга оид