Таниқли блогер ўзида кечаётган касаллик ва тизимдаги нуқсонлар бўйича фикрларини билдирди
Ўзбекистонлик таниқли блогер, Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова касалликка чалингани, қилинган мурожаатларига олган жавоби, умуман соғлиқни сақлаш тизими бўйича фикр мулоҳазалари бўйича алоҳида пост қолдирди.
“Ярим кун СЭС эшигида сарғайиб, тест топширолмай қайтдим. Зарурми шу тест менга, бўлди, ўзим учун қарор қилдим, менда катта эҳтимол билан Covid-19.
Контакт бўлган, ҳароратим 4-кун 37-37,5 атрофида ушланиб турибди. Қизим, онам, укам, келиним - ҳаммамиз иситмаладик, онам таъм билмаяптилар, йўталяптилар. Келинимда қаттиқ қуруқ йўтал ва 39 даражагача иситма кузатилди, менда эса фақат тана қақшаб оғриши ва иситма. Тез ёрдам ва поликлиника менда Covid бўлиши мумкин деб фақат масофадан маслаҳат беряпти, лекин тест йўқлиги учун расман Covid деб тан ҳам олмаяпти. Хуллас, бетартиблик ва тизимсизлик. Ўзинг учун ўл етим.
Ковиддан даволанавераман энди. Албатта, мустақил даволанаман, чунки тестсиз биров мени ковиддан даволамайди, тест топширолмайман, демак ёпиқ доира.
"Ҳурматли" Соғлиқни сақлаш вазирлиги!
Шунча пайт фалонча касал тузалди деб ҳисобот бериб, шундоқ ҳам тузалиб кетаётган одамлар билан статистикангизни бойитдингиз. Яна уларни тантана билан уйига кузатиб ажойиб шоулар қилдингиз. Ўша пайтда ресурсларингизни тўғри тақсимлаб, ҳозир ўзингиз қўллаётган усулни қилсангиз, яъни ёппасига эмас, фақат ўта зарур ҳолларда касалхонага ковид билан зарарланганларни ётқизсангиз бўлмасмиди? Врачларни зўриқтирмай, бошқа ресурсларни ҳам оқилона тақсимлаш бўлмасмиди шу. Кеча ҳаммага, бугун эса ҳеч кимга бўляпти энди.
Бўлди, тестлашни ҳам тўхтатинг, барибир бу тестларингиз на реал аҳволни кўрсатяпти, на керакли одамларни қамраб оляпти. Ресурс увол бўляпти ва тиббиёт ходимлар рискда қоляпти, холос.
Ундан кўра ҳозир, айнан шу кунларда ўзида коронавирус белгиларини сезганлар қаерга бориши, нима қилиши, ўзини ўзи қандай даволаши ҳақида йўриқнома чиқариб тарқатинг. Ҳозир энг кераклиси шу. Чунки аҳоли у ёқда турсин, тиббиёт ҳодимлари ҳам билмаяпти нима қилишни.
Интернетда айланиб юрган турли рецептларни тартибсиз қўллашяпти!
Масалан, уч кун аввал иситмам чиққанида поликлиникага телефон қилдим, у тез ёрдамга қил, деди. Колл-центр ҳам тез ёрдамга йўналтирди, тез ёрдам поликлиникага, поликлиника яна тез ёрдамга... Охири телефоним овоз ёзяпти, шикоят қиламан деганимдан сўнг участка врачим телефонда дориларни айтиб турди. Мана аҳвол!
Ҳамма тест топшираман деб бир-бирига касал юқтириб юрибди ва вақтни ҳам бой беряпти. Одамларга ҳозир, бугун нима қилса, қаерга мурожаат қилса тўғри ва хавфсиз бўлишини айтиш керак. Айтиш учун ўзинглар биласизларми бу саволларнинг жавобини?” – дея якунлаган ўз саҳифасидаги чиқишини Ш. Соатова.
Мавзуга оид
10:33 / 15.04.2023
«Миллий ва ахлоқий қадриятларимиз акс этган қонун» — Шаҳноза Соатова
19:10 / 27.05.2022
Бугунги давлат хизмати: Депутат ва вазир маслаҳатчиси баҳси
10:14 / 13.05.2022
Шимолий Корея COVID-19’дан илк ўлим ҳолатлари ҳақида хабар берди
22:17 / 11.05.2022