Ўзбекистон | 00:35 / 13.07.2020
14837
3 дақиқада ўқилади

Фото: Нукус гарнизонида аскарларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди

Жорий йил муддатли ҳарбий хизматни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ўташ учун келган минг нафарга яқин ёшлар ватанни кўз қорачиғидек асраш, уни ҳимоя қилишга аҳд қилиб, Ватанга қасамёд қабул қилишди.

Шу муносабат билан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтган тантанали тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими вакиллари иштирок этди, деб хабар беради Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати.

Тантанали марш садолари остида майдонга жанговар байроқ олиб кирилди.

Шундан сўнг янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар карантин қоидалари ва ижтимоий масофаланиш тартибларига риоя этган ҳолда ватан сарҳадларини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сўнгги нафаси қолгунча ҳимоя қилишга онт ичиб, биринчилар қаторида янги «Ватанга қасамёд» матни бўйича содиқликка онт ичишди.

Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мадҳиялари янгради.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов Ўзбекистон Мудофаа вазирининг аскарларга йўллаган табрикномасини ўқиб эшиттирди.

Сўзга чиққанлар аскарларни унутилмас кун муносабати билан табриклаб, уларга ишонч билдирди.

Таъкидлаш жоизки, карантин тартиби туфайли тантанали тадбирда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок эта олмади. Аммо қасамёд қабул қилиш жараёни акс этган фотосурат ҳамда видеолавҳалар ота-оналарга электрон шаклда месенжерлар орқали юборилди.

Йигитларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси сифатида «Ўзбекистон тарихи» ва «Темур тузуклари» китоблари тақдим этилди.

Ҳар бир аскарга Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг йўллаган номма-ном табрикномаси ҳам топширилди.

Тадбир давомида яқиндагина Қуролли Кучлар сафларига келган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қурол билан кўргазмали саф ва қўл жангининг мураккаб элементларидан иборат чиқишлар, ўқотар қуролларни кўзи боғлиқ ҳолда нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича машқлар намойиш этилди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоасининг миллий куй ва қўшиқлари тантанага байрамона руҳ бағишлади.

Тадбирдан сўнг ор-номусини ўртага қўйиб, қасамёд қилган аскарлар шарафига байрамона дастурхон ёзилди.

Мавзуга оид