Ўзбекистон | 20:02 / 16.07.2020
5165
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон судларида аёлларнинг камлиги стереотиплар маҳсули бўлиши мумкин» – БМТ махсус маърузачиси

Ўзбекистон суд тизимида аёлларнинг роли етарли даражада эмас, бу жамиятда аёлларнинг тутган ўрнига нисбатан стереотип қарашлар билан боғлиқ, дейилади БМТ расмийсининг мамлакатдаги ташрифидан тайёрлаган ҳисоботида.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судлар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг Ўзбекистон суд тизими ҳақидаги ҳисоботи эълон қилинди.

Ҳисобот маърузачининг 2019 йил 19-25 сентябрь кунлари ҳукумат таклифи билан Ўзбекистонда бўлиб, суд тизими бўйича ўтказган кузатув хулосаларига асосланган.

Ҳисобот бўлимларидан бирида мамлакат суд корпусида аёлларнинг роли ҳақида сўз юритилган.

«Махсус маърузачи мамлакатда икки муҳим ҳужжат – «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» ҳамда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилинишини ижобий баҳолайди.

Суд тизими аёлларнинг адолатли суддан фойдланишдаги ҳақ ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер камситиш амалиётини йўқотиш, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг жавобгарликсиз қолиши ҳолатларига чек қўйишда муҳим рол ўйнаши мумкин.

Ўзбекистон суд тизимида аёллар аввалгидек камчиликни ташкил этганича қолмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатдаги 1038 нафар судянинг 129 нафари (12,4 фоизи) аёллардир. Судялар сонидаги гендер номутаносиблик айниқса жиноий ва маъмурий судларда яққол сезилади, бунда аёллар жами судялар сонининг 8 фоизини ташкил қилади. Юқори мансабдаги аёл судялар ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Давлат ҳокимияти вакилларининг фикрича, аёлларнинг суд тизими, айниқса жиноий ва маъмурий судларда камлиги уларнинг таълим ва касб йўналишидаги танлови билан изоҳланади. Уларнинг таъкидлашича, аёллар шахсий ҳаёт ва меҳнат фаолияти ўртасида мувозанатни ушлаш имконини берадиган касблар билан шуғулланишни маъқул кўришади. Суд тизимида эса нисбатан мураккаб бўлган, кўп вақт талаб этиладиган жиноий ва маъмурий масалалардан кўра, оила қонунчилиги билан боғлиқ масалалар бўйича шуғулланишни афзал билишади.

Аммо махсус маърузачи бу фикрга қўшилмайди. Суд органлари тизимида аёллар сонининг камлиги аёл ҳамда эркакнинг жамият ва оиладаги мажбуриятлари ва роли хусусидаги стереотиплар натижаси бўлиши мумкин. Бу стереотиплар аёлларнинг камситилиши, уларнинг оила ва жамиятда бўйсунувчи ҳолатда қолишига сабаб бўлади.

Аёлларнинг суд корпусида камлиги ва борларининг ҳам фуқаролик ишлари бўйича судларда экани мамлакат жамият патриархал ва анъанавий структурага асосланганини кўрсатади», – дея баён қилинади ҳужжатда. 

Мавзуга оид