Жамият | 10:24 / 18.07.2020
5628
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада кучли таъсир қилувчи моддаларни олиб ўтишга уринган шахс ушланди

Фарғона вилоятида кучли таъсир қилувчи моддаларни олиб ўтишга уринган шахс қўлга олинди.

Миллий гвардия матбуот хизмати хабарига кўра, 14 июль куни соат тахминан 18:00да Фарғона вилояти, Қувасой - Марҳамат чегара постида Lacetti русумли автомобиль божхона ходимлари томонидан тўхтатилмоқчи бўлганида, ҳайдовчи бўйсунмасдан, қочиб кетган.

Фарғона вилояти ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан олиб борилган ҳамкорликдаги тезкор чора-тадбирлар натижасида, шу куннинг ўзида, соат 21:10да Фарғона тумани Лоғон қишлоғининг Ризо маҳалласида ҳайдовчи қўлга олинган. У фаол қаршилик кўрсатишга уринган.

Шубҳали автомобиль холислар иштирокида ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганида жами 235 млн сўмлик 560 дона конвалютадаги 7840 дона «Регапен 300 мг» номли кучли таъсир қилувчи дорилар борлиги аниқланган.

Бу ҳолат юзасидан Божхона бошқармаси томонидан олиб борилган терговга қадар суриштирув ҳаракатлари давомида қонуний талабларга бўйсунмаган шахс Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи 1997 й.т. О. А. эканлиги аниқланган. Ҳозирги вақтда терговга қадар суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид