Жаҳон | 22:25 / 20.07.2020
33572
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Ўзбекистон ҳамкорликда лоукостер ташкил этиш имкониятини муҳокама қилди

Жорий йил февралида Uzbekistan Airways АЖ ва Uzbekistan Airports АЖ Ўзбекистон фуқаро авиациясини ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан баёнот билан чиққанди.

Россия ва Ўзбекистон йўловчи ва юклар ташиш учун қўшма лоукостер ташкил этиш имкониятини муҳокама қилди, деб хабар берди Россия транспорт вазирлиги. 

Хабарда айтилишича, 20 июль куни видео-конференц-алоқа тарзида Россия ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлик комиссияси иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Россия томони вакилларига мамлакат транспорт вазирининг биринчи ўринбосари, Росавиация раҳбари Александр Нерадько, Ўзбекистон томонига Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев раҳбарлик қилди.

"Томонлар ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган ҳолда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқди. Икки мамлакат ўртасида парвозлар сонини ошириш ҳамда йўловчи ва юклар ташиш учун Россия-Ўзбекистон лоукост авиаташувчисини ташкил этиш имконияти муҳокама қилинди", - дейилади хабарда.

Жорий йил февралида Uzbekistan Airways АЖ ва Uzbekistan Airports АЖ Ўзбекистон фуқаро авиациясини ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан баёнот билан чиққанди.

Баёнотда жумладан, “Авиация соҳасида рақобат муҳитини кенгайтириш, мамлакатимиз ички йўналишлари ва Марказий Осиё минтақаси йўналишларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш эҳтиёжларини қондириш мақсадида янги Humo Air авиакомпаниясини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилганди.

Мавзуга оид