Жаҳон | 12:24 / 24.07.2020
48695
8 дақиқада ўқилади

АҚШда «Афсона» операцияси: «Номаълум аскарлар» намойишларни тинчитмоқда

АҚШда икки ойдирки намойишлар тинмаяпти. Президент кескин чоралар қўллашга мажбур бўлмоқда. Демократ раҳбарлар эса ундан федерал кучларни олиб чиқиб кетишни талаб қилишмоқда.

Фото: Reuters

Орегон штати раҳбарияти ва Конгресс етакчилари Трампдан намойишларни тинчитиш учун Портлендга юборилган махсус кучларни чақириб олишни талаб қилишмоқда. Оқ уй раҳбари эса жавоб тариқасида АҚШнинг бошқа ҳудудларига ҳам бундай қўшинларни юборишини айтди.

Юзи ёпиқ ва ҳеч қандай белгисиз либослардаги махсус бўлинма июль ойи бошидан Орегон штатининг йирик шаҳарларидан бири Портлендда намойишларни тинчитиш билан банд.

Махсус топшириқларни бажарувчи бу ҳарбийлар АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги тасарруфига киради ва унга турли ҳарбий бўлинмаларда хизмат қилган аскарлар қабул қилинган. Бир неча ҳафта давомида улар Портленддаги округ судини ҳимоя қилиб, шаҳар бўйлаб рақамсиз микроавтобусларда патрул уюштиришмоқда. Бу «номаълум аскарлар» либосида фақат «Полиция» ёзуви бор, аммо Америкада қабул қилинган қоидаларга зид тарзда либосларда на исмлар ва на махсус бўлинма номи кўрсатилган.

«Ноқонуний қўлга олишлар»

Портленддаги намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўлланган

Бу «номаълум қўшин» катта можароларга сабаб бўлди. Маҳаллий ҳокимият Трамп аскарларни ортга қайтаришини талаб қилмоқда. Уларнинг фикрича, кўчаларда қайси бўлинма аскари экани маълум бўлмаган юзи ёпиқ аскарларнинг юриши намойишчиларни фақат ғазаблантиради.

Орегон штати прокурори аллақачон АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги устидан одамларни ноқонуний ва агрессив тарзда қўлга олиш айблови билан иш очган. Судга мурожаат қилган баъзи ҳуқуқ фаоллари бу ҳаракатлар одам ўғирлаш билан тенг эканини иддао қилган. Трамп эса уларни «ажойиб аскарлар» деб атаб, намойишлар тўхтамаётган қолган ҳудудларга ҳам шундай гуруҳларни юборишини айтмоқда.

Трамп бу «номаълум қўшинлар»ни юборишни мақсад қилаётган ҳудудлар орасида Нью-Йорк, Чикаго, Филадельфия, Детройт, Балтимор ва Окленд бор. Бу шаҳарларда Трампга мухолиф бўлган демократлар устунлик қилади. Трампнинг айтишича, улар штатларини «аҳмоқона тарзда бошқаришмоқда».

Нега айнан Портленд?

Фото: Reuters

Портлендда ирқий камситиш ва полициянинг зўравонлигига қарши намойишлар 25 майдан буён давом этмоқда. Жорж Флойд ўлдирилган кундан бошлаб бу шаҳарда намойишлар тўхтагани йўқ. Намойишларнинг биринчи тўлқини тугагач, одамлар кундузи асосан тинч намойиш ўтказа бошлашди. Кечаси эса радикал характердаги одамлар безорилик, ҳатто талончилик билан шуғулланишди. Трамп бўлиб ўтаётган бу намойишлар Флойднинг ўлимига алоқадор эмаслиги, радикаллар ундан фойдаланаётганини кўп марта таъкидлади.

Қизиғи, намойишлар жуда кескинлашиб кетганида ҳам маҳаллий полиция одамларни тинчитишга уринмади. Вазият шунчалик жиддийлашдики, одамлар полиция участкасини ёқиб юборишди. Шунда ҳам полиция одамларга тегмади ва бунга сабаб сифатида намойишчилар бошқаларга тўғридан тўғри хавф туғдирмаётгани келтирилди. Трамп эса штат раҳбарияти тўполонларни тинчитишга уринмаётганидан ғазабланиб, ўзи чора кўришга киришди.

Орегон марказига юборилган аскарлар дастлабки ҳафтада фақат суд биносида бўлган ва у ердан деярли кўчага чиқишмаганди. Намойишчилар уларга беписанд қараб жуда яқин келишганда эса юзи ёпиқ аскарлар уларни дубинка билан калтаклай бошлашди. Улар кўздан ёш чиқарадиган ва резина ўқлардан фойдаланишди. Шунингдек, одамларни тарқатиш учун газли гранаталар ишлатилди.

Интернет фойдаланувчилари бу аскарлар билан боғлиқ турли видеоларни саҳифаларига жойлашмоқда. Улардан бирида намойишчи «номаълум аскар» отган резина ўқдан оғир жароҳат олганини кўриш мумкин. Маҳаллий полиция ҳам бу махсус кучларга қарши бўлишга улгурди. Портленд полицияси ҳисоб-китобига кўра, шаҳарда 13 киши зобитлар томонидан қўлга олинган ва сўроққа олиб кетилган.

Шанба куни АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг 53 ёшли собиқ офицери илк марта намойишларга қўшилиб, федерал кучлар билан гаплашишга уринганида резина таёқ билан калтакланди. Бу воқеадан кейин Портлендда намойишчилар ва федерал зобитлар ўртасида чинакам жанг бошланиб кетди. Улар ўртасида ҳатто отишмалар ҳам бўлиб ўтган. Шу вақтгача эса намойишлар тинч кўринишда ўтаётганди. 20 июль куни Портленд суди биноси олдида минглаб одамлар тўпланишди. Уларнинг қўлида «Black lives matter» ва «Федераллар, йўқолинг» ёзувли баннерларни кўриш мумкин.

«Оналар девори»

200га яқин киши «Оналар девори»ни ташкил этишди. Афтидан шаҳарда намойишлар яқин орада тинмайди Фото: Reuters

Намойишлар вақтида содир бўлган бир воқеа кўпчиликнинг эътиборини тортди. 18 июль куни тунда шлем кийиб олган бир гуруҳ аёллар бир-бирларининг қўлларини ушлаб намойишчилар ва федерал кучлар ўртасида туришди. Уларнинг қўлларида «Федераллар, яқинлашманг, бу ерда оналар турибди. Болаларимизни тинч қўйинг» деб ёзилган баннер бор эди.

Орегон штати губернатори Кэйт Брауннинг фикрича, федералларнинг иши Трампга ёқиш учун қилинмоқда ва АҚШ президенти шу орқали сайлов олдидан ўз позициясини мустаҳкамлашни истамоқда. Орегонлик сенатор Жефф Марклининг айтишича, намойишчиларга қарши юзи ёпиқ аскарларни ташлаш авторитар давлатларнинг ишидир.

Трампнинг аскарларни бошқа ҳудудларга ҳам юбориши ҳақидаги гаплари шунчаки айтилмаганди. Оқ уй администрацияси раҳбари Марк Медоузнинг айтишича, бошқа ҳудудларга ҳам федерал қўшинларни юбориш ҳақида режа тайёрланган.

«Афсона» операцияси

Трамп администрацияси ҳукумат бинолари муҳофазаси учун федерал қўшинларни Портлендга ташлаган

Трамп «Афсона» операцияси доирасида аскарларни бошқа ҳудудларга ҳам юборишни бошлади. Трамп бу борада махсус ташкил этилган матбуот анжуманида эълон қилар экан, бошқа йўли қолмаганини таъкидлаган. Матбуот анжуманида қатнашган мамлакат бош прокурори Уильям Баррнинг айтишича, Канзас-Ситига 200 нафар федерал агентлар юборилган. Худди шунча аскар Чикагога, шунингдек, махсус тайёргарликдан ўтган ва шахси сир тутилувчи 35 нафар аскар Альбукеркега юборилган. Ҳукумат бу ишларга ва намойишлар тўхтамаётган штатларга полиция сонини оширишга 60 миллион доллар ажратади.

Трамп демократ раҳбарларни кескин қоралади. «Сўнгги ҳафталарда радикаллар томонидан зўравонлик ва бизнинг полицияни тарқатишга бўлган уринишларни кўрдик. Бу қонли қирғин тўхташи керак ва тўхтатилади ҳам», деган президент.

Трамп бекорга «қонли қирғин» иборасини ишлатмади. Канзасда 4 ёшли чақалоқ ётган жойида ташқаридан отилган ўқ сабаб вафот этганди. Президент бу воқеага шундай муносабат билдирди: «Ҳеч бир она нобуд бўлган боласининг жасадини қўлига олмаслиги керак. Бу бола маҳаллий раҳбарлар ўз ҳудудларининг хавфсизлиги учун қилиши керак бўлган ишни қилмагани сабаб ҳалок бўлди».

Канзасдаги зўравонликка қарши кураш вафот этган ўша болакай (ЛеЖенд Телиферро) номи билан аталмоқда. Бу ҳақда Трамп эълон қилганди. Маълум бўлишича, 2020 йил Канзасда қотилликлар сони ошган. Йил бошидан буён 110 киши ўлдирилган. Шунингдек, Чикагода қотилликлар 34 фоизга ошган бўлса, Альбукеркеда жиноятчилик даражаси нормадагидан 3,7 баравар юқори.

Мавзуга оид