Жаҳон | 00:51 / 24.07.2020
58412
7 дақиқада ўқилади

Коронавирус: АҚШда ўлим даражаси ортиб бормоқда, дунё вакцинани кутиб яшамоқда

АҚШда коронавирусдан вафот этганлар сони яна ўсиб, май ойи охиридан бери энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Мельбурнда кўчада ниқоб кийиш мажбурий бўлди, БМТ кам таъминланган одамлар уйда қола олиши учун уларни базавий даромад билан таъминлашга чақирмоқда.

Фото: EPA/Vostock-photo

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича касалланганларнинг умумий сони 15,5 миллионга яқинлашмоқда, 630 мингга яқин бемор ҳаётдан кўз юмган, 9 миллионга яқин киши вирусдан тузалган.

АҚШда янада кўпроқ ўлим
Ўтган кун давомида АҚШда коронавирусдан 1126 киши вафот этди (21 июль куни вафот этганлар сони 1029 нафар эди). Шундай қилиб, ушбу мамлакат ҳудудида кунлик ўлим кўрсаткичи 29 майдан бери энг юқори нуқтага етди. Аммо апрель ойидаги кунига ўртача икки минг киши вафот этиши билан таққослаганда, бу мамлакатдаги қурбонлар сони анча қуйи поғонада қолмоқда деб ҳисоблаш мумкин.

Covid-19 ташхиси қўйилган беморлар сони ҳам ўсиб бормоқда: ўтган кун давомида 70 мингдан ортиқ америкаликда вирус аниқланган, жумладан, шундан 12 мингта ҳолат Калифорнияда, 9,8 мингдан ортиқ ҳолат Техасда ва 9,7 минг ҳолат Флоридада қайд этилди. 

Шу орада АҚШ президенти маъмурияти фармацевтика гиганти Pfizer ва BioNTech  немис биотехника компанияси Қўшма Штатлар учун 100 миллион дозада вакцина ишлаб чиқаришини маълум қилди. Шартнома суммаси тахминан 2 миллиард долларни ташкил қилади. 

Ҳозирча дунёда фойдаланишга тайёр вакцина мавжуд эмас ва Pfizer'нинг самарадорлиги аниқ эмас. Аммо агар у хавфсиз бўлиб, натижа берса, биринчи 100 миллион доза йил охирига қадар тайёр бўлиши мумкин. 

Аввалроқ, Россиянинг «Р-Фарм» компанияси AstraZeneca халқаро консернининг Оксфорд университети мутахассислари билан биргаликда яратилган вакцинасини ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолаганини эълон қилганди.

Вакцина йил охиридами?
Хитойнинг Sinopharm компанияси ишлаб чиқаришни ваъда қилган яна бир вакцина йил охиригача тайёр бўлиши мумкин. Компания раҳбари Лиу Цзинчжен CCTV давлат телеканалига берган интервьюсида синовнинг сўнгги босқичи яқин уч ой ичида якунланиши мумкинлигини айтди. 

Sinopharm компанияси аввалроқ вакцина 2021 йилгача тайёр бўлмаслиги эҳтимолини маълум қилганди, ўшанда бунга сабаб қилиб Хитойда клиник синовларни ўтказиш учун беморлар етарли эмаслиги кўрсатилган. 

Аммо ҳозирда Хитой компанияси  вакцинанинг иккита штаммини синаш учун БААда кўнгиллиларни топди. У ерда 15 мингга яқин одам тадқиқотга жалб этилган.

Хитойнинг яна бир Sinovac Biotech компанияси вакцинани синашнинг учинчи босқичи учун бразилиялик кўнгиллилардан фойдаланяпти. 

ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райан тадқиқотчилар коронавирусга қарши вакциналар яратишда салмоқли натижаларга эришгани, бироқ улар 2021 йилдан эртароқ қўлланмаслигини маълум қилган.

Экспертнинг сўзларига кўра, «агарда вазиятга реал қаралса, аҳолини эмлаш бошланганидан кейинги йилнинг биринчи ярими келади». Ҳозирда бир нечта дори воситаси клиник синовлардан ўтказилмоқда ва ҳозирча улардан ҳеч бири хавфсизлик нуқтаи назаридан саволларни юзага келтирмаган.

ЖССТ вакилининг қўшимча қилишича, ташкилот дори воситаларининг адолатли тақсимотини таъминлаш устида иш олиб бормоқда. «Коронавирусга қарши вакцина бойлар ёки камбағаллар учун эмас — у барча учун», деган Райан.

Базавий даромад коронавирусни тўхтатиш усули сифатида

БМТнинг «Вақтинчалик асосий даромад: ривожланаётган мамлакатларда қашшоқ ва муҳтож инсонлар ҳимояси» деб номланган ҳисоботида миллиардлаб инсонларга пул тарқатиш коронавирус тарқалишини секинлаштириши билдирилди.

Унга кўра аҳолининг энг камбағал қатламини базавий даромад билан таъминлаш коронавирус тарқалишининг олдини олишнинг самарали усули бўлиши мумкинлиги айтилган. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, ривожланаётган 132 мамлакатдаги 2,7 миллиард одам яшаб қолиш учун давлатдан пул олса, уйда қолиши мумкин. Ушбу чора вақтинчалик бўлиши керак. 

«Мисли кўрилмаган давр мисли кўрилмаган ижтимоий ва иқтисодий чораларни талаб қилмоқда. Кам таъминланганлар учун вақтинчалик базавий даромадларни киритиш нажот йўлларидан бири бўлиши мумкин. Ёрдам ва тикланиш режалари катта бозорлар ва йирик бизнес билан чекланиб қола олмайди», дейди БМТ Тараққиёт дастури раҳбари Ахим Штайнер.

Дастур ойига 199 миллиард долларга тушади, деб баҳоланмоқда.

Англияда футбол парадлари
Англиянинг «Ливерпуль» футбол клуби мухлислари Премьер-лигада сўнгги 30 йилдаги биринчи ғалабани нишонлашди. Полиция мухлислардан «Энфилд» стадиони ташқарисида тўпланмасликни сўради, аммо улар бу маслаҳатга амал қилишмади. Чоршанба куни кечқурун минглаб ишқибозлар шаҳар кўчаларига ва жамоа чемпионлик кубогини қўлга киритган стадионга чиқишди.

Полиция ижтимоий масофаланиш қоидаларига риоя қилишга ва оммавий акциялар ўтказмасликка чақирди. Аммо «Энфилд» атрофида 3000га яқин мухлис тўпланди ва уларни тарқатиб юборишга тўғри келди. Тўққиз киши турли хил ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан маст ҳолатда жанжал, автомобилни алкогол ва гиёҳванд моддалар таъсири остида ҳайдашда айбланиб ҳибсга олинган. 
Лидсда мухлисларнинг яна бир паради бўлиб ўтди, у ерда «Лидс Юнайтед» Англия футболининг иккинчи энг муҳим дивизиони бўлган Чемпионшипдаги ғалабасини нишонлади. 
Клуб мутасаддилари мухлисларни уйда қолишга ундашларига қарамай, шаҳар марказида минглаб одамлар тўпланди ва улар олдида футболчилар чиққан очиқ автобус қисқа вақтга кўриниш берди.

Бошқа воқеалар
Польшада сўнгги бир кунда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 418та янги ҳолат қайд этилди, бу бир ойдан кўпроқ вақт ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. Ҳозиргача бу мамлакатда 41,5 мингта шикастланиш ва 1,6 мингдан ортиқ ўлим қайд этилган. 

Кашмирнинг Ҳиндистон қисми вирусга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайиши ва қишлоқ табобатининг эпидемияга қарши кураша олмаслиги сабабли қатъий карантинга олинди. 

Ҳонгконгда ҳам янги ҳолатлар сони ортмоқда - охирги 24 соат ичида 118 кишида вирус чиққан. 

Мельбурнда уйдан ташқарида ниқоб кийиш мажбурий бўлди. Шаҳар яна олти ҳафта карантинда қолади. Ўтган кун давомида Австралиянинг Виктория штатида 400дан ортиқ янги ҳолат аниқланган.

Мавзуга оид