Ўзбекистон | 19:16 / 26.07.2020
40703
3 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов: «Зудлик билан коронавирусдан тўғри даволаш тизимини йўлга қўйишимиз шарт»

Масс-медиа фонди раҳбари, коронавирусга чалиниб уй шароитида даволаниб чиққач, бир ҳафта давомида шифокорлар иштирокидаги «Тез ёрдам» телевизион дастурини олиб борган Комил Алламжонов мамлакатдаги мавжуд вазиятга оид мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

«Масала жиддий, танлов оғир, хато қилиш имконияти 90 фоиз. Карантин қаттиқ бўлса, уйдаги беморларга қийин (улар асосий – 80 фоиз қатлам); агар енгил бўлса, оғир беморлар (15 фоиз қатлам) ва ўлимлар (2-4 фоиз) сони ортиб кетади, эплаб бўлмайдиган даражада. Иқтисодиёт, бизнес, еб-ичиш, қарзларни-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Энг ёмони, қанчалик карантин сақламайлик, вакцина яратилиб, бизга етиб келгунича бир ярим йилдан икки йилгача вақт ўтади. Агар шу давр мобайнида иқтисодиётни ҳам ўлдириб қўйсак, эртага вакцина сотиб олишга ҳам имконият бўлмайди.

Вакциналарни кимдир бизга совға қилса ёки олиб берса, эвазига юртимиздан ниманидир юлиб олади. Бекорга ёрдам берадиган аҳмоқ аниқ йўқ. На катта бизнесменлар ва на катта давлатлар. Ўзимизнинг аравамизни ўзимиз тортмас эканмиз, аҳвол яхшиланмайди.

Бу нима дегани? Биринчи навбатда, барча қатламдаги шифокорлар, ҳамшираларга тўғри даволашни зудлик билан ўргатиш керак. Жуда оғир жараён эмас бу. Тайёр даволаш протоколи бор. Шуни бир марта ўқиб чиқиб, ҳеч бўлмаса мумкин бўлмаган дориларни билиб олса бўлди. Шу ҳам катта муваффақият ҳозирги шароитда. Енгил тузалиши мумкин бўлган беморлар аксарият ҳолатда айнан шу нотўғри тавсия ва дориларни деб оғирлашяпти ёки ўляпти.

Бугун мен шуни тушуниб етдимки, энг биринчи навбатда ҳозироқ, зудлик билан тўғри даволаш тизимини йўлга қўйишимиз шарт. Асл муаммо ўша ерда. Қисқа ўқув дастури яратиб, барча тиббиёт қатламини минимум қисқа курсда ўқитиш керак. Акс ҳолда ҳамма билганича даволаяпти ва даволаняпти. Оқибатда муаммолар сони ортиб, касалхоналарда жой қолмаяпти.

Хуллас аҳвол оғир. Ечими ҳам. Келажакдаги ягона йўл эса ҳар бир инсон ўзини ўзи эҳтиёт қилишни ўрганиши, ниқоб тақишни канда қилмаслик ва касал бўлиб қолганда тўғри даволаниши керак. Зудлик билан шундай яшашни ўрганмас эканмиз, фақат оғирлашаверади аҳволимиз. Устига устак, коллектив иммунитетга ҳам вақт керак (агар шундай иммунитет шаклланиши рост бўлса).

P.S. Бу – менинг шахсий фикрим!» – дея фикр билдирди Комил Алламжонов шахсий Telegram-каналида.

Мавзуга оид