Ўзбекистон | 22:22 / 28.07.2020
10317
3 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари агентлиги 57 нафар ходими коронавирусга чалинганини ошкор қилди

Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати агентлик тизимида фаолият юритувчи 57 нафар ходими коронавирус инфекциясини юқтирганини маълум қилди. Қайд этилишича, ҳозиргача 2 киши соғайган, қолган беморлар даволанмоқда.

«Давлат хизматлари марказларида одамлар оқими юқори бўлгани боис, бу ерда чексиз ва назорат қилиш қийин бўлган алоқа юзага келиши табиий ҳол. Албатта, биз марказларимизда барча зарур чораларни кўрмоқдамиз. Белгиланган график асосида бинолар дезинфекция қилинмоқда, ходимлар зарурий ҳимоя воситалари билан таъминланмоқда. Киришда ҳар бир ташриф буюрувчининг ҳарорати ўлчаниб, бино ичида мажбурий ниқоб режими ўрнатилган.

Бироқ, бу каби қатъий чоралар кўрилган бўлса-да, бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги тизимининг 57 нафар ходими COVID-19 га чалинган бўлиб, 1 нафар мутахассисимиз ушбу вирусдан вафот этган.Шунингдек, 2 нафари соғайган бўлиб, қолганлар ҳозирда даволанмоқда», дейилади агентликнинг расмий хабарида.

Агентлик директорининг матбуот котиби Севара Зокирова Kun.uz мухбири билан суҳбатда пандемия шароитида ишлаш осон эмаслигини, лекин давлат хизматларининг фаолияти аҳоли учун жуда муҳимлиги боис улар ишлашда давом этаётганини таъкидлади.

«Давлат хизматлари соҳасида фаолият юритишни танлаган ҳар бир ходимимиз, ўз олдига авваламбор халқ ишончини қозонишга, унга хизмат қилишни танлади демак. Агентлик олдида турган долзарб масалалардан — бу ДХМ ва ФҲДЁ бўлимларига ташриф буюрган Сизларни ҳамда хизматда бўлган ходимларимизни мазкур вирусдан ҳимоя қилиш.

Тушуниб турибмиз, яшаш тарзимиз ўзгаргани билан давлат хизматларини олиш эҳтиёжи ҳеч қаерга даф бўлгани йўқ. Шу боис, юртдошларимиздан электрон хизматлардан фойдаланишни сўраймиз», дейди у.

Севара Зокированинг қўшимча қилишича, фуқароларга қулай бўлиши учун хизматлардан онлайн фойдаланиш видеоқўлланмаларини тайёрланган бўлиб, улар билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармасининг 61 ёшли масъул ходими коронавирусдан вафот этган эди. Бу агентлик тизимида коронавирус билан боғлиқ илк ўлим ҳолати бўлганди.

25 июль куни Давлат хизматлари агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Зафаржон Акрамов 38 ёшида вафот этгани хабар берилган, бироқ агентлик томонидан эълон қилинган хабарда унинг ўлими сабаби маълум қилинмаган эди.

Кейинчалик агентликнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати Зафаржон Акрамовнинг коронавирусдан вафот этгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этиб чиққан эди. Маълум қилинишича, уни юрак хасталиги ва буйрак етишмовчилиги безовта қилиб келган ҳамда вафотига эса юрак хасталиги сабаб бўлган.

Мавзуга оид