Ўзбекистон | 20:15 / 29.07.2020
7571
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда робот хизматкорлар яратилди

NovAssistant универсал роботи имконияти чекланган инсонларга ёрдамлашиши, турли соҳаларда кичик юмушларни бажариши мумкин.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳамда Турин политехника университети талабалари ҳамкорлигида NovAssistant универсал роботи яратилди.

Универсал робот тиббиёт, тадбиркорлик, таълим, туризм каби соҳалардаги ҳар кунлик вазифаларни бажаришга кўмаклашади. Шунингдек, робот имконияти чекланган инсонларнинг турли юмушларни амалга оширишларида ёрдам бера олади. Бу эса улар учун иш ўринларининг кўпайишига хизмат қилади.

Маълум қилинишича, ёрдамчи-робот мулоқот қилиш билан бир қаторда ўз ҳиссиётларини ҳам изҳор қила олади, уни ишхонада ёки уйда кўмакчи сифатида ишлатиш мумкин.

Роботни буюртмачининг истагидан келиб чиққан ҳолда турли кўринишда, шунингдек, сунъий интеллект, одамни таниш, хонадаги ускуналарни бошқариш каби қўшимча функцияларни қўшиб яратиш имконияти мавжуд. Роботни мобил илова орқали ёки овоз билан бошқариш мумкин.

Қайд этилишича, бундай типдаги роботларнинг хориждаги ўртача қиймати 180 миллион сўмга тўғри келса, миллий хизматчи роботларнинг ўртача нархи комплектациясидан келиб чиққан ҳолда 25 миллион сўмдан 45 миллион сўмгача бўлади.

 

Мавзуга оид