Ўзбекистон | 10:02 / 04.08.2020
28447
5 дақиқада ўқилади

Олий таълим вазирлиги ОТМда контракт пуллари нимага сарфланиши ҳақида маълумот берди

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда тўлов-контракт асосида ўқитиш миқдорларини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокамалар марказига чиқмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасаларида ўқитишнинг минимал харажатлари тўғрисида аниқ мисолларни ортиқча изоҳларсиз келтириб ўтди.

Қайд этилишича, бугунги кунда республика олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги таълим шаклида бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатининг энг кам миқдори (стипендиясиз) 9,3 млн. сўмни ташкил этмоқда.

Жумладан, профессор-ўқитувчи, ходимлар иш ҳақлари ва иш берувчининг ижтимоий тўлови учун 7,9 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 85,4 фоиз), бошқа жорий сақлаш харажатлари учун 1,4 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 14,6 фоиз) шундан, коммунал харажатлар учун 0,3 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 2,8 фоиз).

Амалда эса базавий тўлов-контракт миқдори (стипендиясиз) 6,4 млн. сўм этиб белгиланган бўлиб, жорий сақлаш харажатларининг 69 фоизни қопламоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар бир базавий тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар ўқитишнинг минимал харажатлари учун тўловларни 2,9 млн. сўмга кам тўламоқда. Мазкур харажатлар олий таълим муассасалари томонидан оширилган (“супер”) контракт ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиб келинмоқда.

Маълумот учун, ҳисоб-китоблар бугунги кунда республика олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабаларнинг 80 фоиздан ортиғи ўқиётган таълим йўналишларига тегишли.

Шу билан бир қаторда, санъат таълим йўналишларида ўқитиш харажатининг энг кам миқдори 21,9 млн. сўмни ташкил этгани ҳолда, жумладан, профессор-ўқитувчи, ходимлар иш ҳақлари ва иш берувчининг ижтимоий тўлови учун 20,5 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 93,8 фоиз), бошқа жорий сақлаш харажатлари учун 1,4 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 6,2 фоиз) шундан, коммунал харажатлар учун 0,3 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 1,2 фоиз), базавий тўлов-контракт миқдори (стипендиясиз) 7,8 млн. сўм этиб белгиланган бўлиб, харажатларнинг 35,5 фоизни қопламоқда.

Худди шундай соғлиқни сақлаш таълим йўналишларида ҳам ўқитиш харажатининг энг кам миқдори 13,5 млн. сўмни ташкил этгани ҳолда, жумладан, профессор-ўқитувчи, ходимлар иш ҳақлари ва иш берувчининг ижтимоий тўлови учун 12,1 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 90,0 фоиз), бошқа жорий сақлаш харажатлари учун 1,4 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 10,0 фоиз) шундан, коммунал харажатлар учун 0,3 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 2,0 фоиз), базавий тўлов-контракт миқдори (стипендиясиз) 9,1 млн. сўм этиб белгиланган бўлиб, жорий сақлаш харажатларининг 67,4 фоизни қопламоқда.

“Юқорида келтирилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олий таълим муассасалари харажатларининг асосий қисми профессор-ўқитувчи ва ходимлар иш ҳақларига тўғри келмоқда. Белгиланган базавий тўлов-контракт миқдорлари эса иш ҳақларини қоплаш учун етмайди.

Республикада пандемия муносабати билан эълон қилинган карантин чекловлари даврида олий таълим муассасаларининг барча профессор-ўқитувчи ва ходимларига белгиланган тартибда иш ҳақлари, жумладан талабаларга стипендия тўловлари ҳам тўлаб келинмоқда.

2020 йилнинг 1 апрелидан профессор-ўқитувчилар масофавий иш режимига ўтган ҳолда тасдиқланган фан дастурлари асосида белгиланган дарсларни онлайн кўринишида ўтиб,белгиланган ўқув ва методик юкламаларини бажарди. Олий таълим муассасалари талабалар учун масофавий (онлайн) таълим бериш жорий этилганлиги муносабати билан уни ташкил этиш учун қўшимча техник ва методик таъминот яратилди.

Янги ўқув йили қайси шаклда бошланишидан қатъий назар: анъанавий ёки масофавий шаклда бўладими, олий таълим муассасалари томонидан талабаларнинг сифатли таълим олишларини таъминлаш учун зарур ишлар олиб борилади. Бу борада орттирилган тажриба ва йўл қўйилган камчиликлардан хулоса қилинган ҳолда, барча ресурслар ишга солинади.

Пандемия муддатлари узайтирилиб, ўқиш онлайн тарзда давом эттирилган ҳолатда ҳам, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган талабалар ва уларнинг ота-оналари хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ. Таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган ҳар бир талабага муассаса маъмурияти томонидан индивидуал ёндашган ҳолда имоният яратиб берилади.

Олий таълим муассасалари олий маълумот олиш истагида бўлган ёшларимизнинг танловини ҳурмат қилган ҳолда, уларнинг малакали мутахассис бўлишларини таъминлаш учун олий таълим тизимида мавжуд барча имкониятларни сафарбар этади”, - дейилади вазирлик изоҳида.

Мавзуга оид