Ўзбекистон | 22:18 / 05.08.2020
14825
5 дақиқада ўқилади

Акфа университети жамоатчиликда эътироз уйғотган президент қарори лойиҳаси юзасидан баёнот берди

Фото: Акфа университети

Июнь ойида Тошкент шаҳри ҳокимлигига қарашли қарийб 30 гектар ерни доимий фойдаланиш учун «Акфа» хусусий университетига бериш ҳақидаги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилгач, танқидларга сабаб бўлган эди. Университет матбуот хизмати бу масалада баёнот билан чиқди.

Унда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралда қабул қилинган «Акфа университетини ташкил этиш тўғрисида»ги 130-сонли қарорига асосан, университетга Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур тиббиёт коллежининг бино ва иншоотларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилган.

«Университет раҳбариятининг таъсисчилар билан биргаликдаги таҳлил ва ҳисоб-китоблардан сўнг, тақдим этилган коллеж биноси ўқув хоналари ва лабораторияларни жойлаштира олмайди деган хулосага келинди. Шу билан бирга, одатда тиббиёт университетлари қошида талабалар амалиёт ўтадиган ва ўз амалий билимларини оширадиган клиникалар мавжуд бўлади.

Шу муносабат билан коллеж биноси давлатга қайтарилди. Ҳозирда коллежнинг бино ва иншоотлари бошқа давлат ташкилоти балансига ўтказилган.

Қарор лойиҳасида университетга Тошкент вилоятида қарийб 29 гектар (29,48 гектар – таҳр.) ер участкаси тақдим этилиши кўзда тутилган. Бу ерда университет кампуси ва 600 ўринли замонавий клиниканинг қурилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатда халқаро университетлар ташкил этилганда, ҳукумат университетларнинг кампусларини ташкил этиш учун ер участкалари, бинолар ёки иншоотларни бепул ажратган. Aкфа университетига ер участкасининг берилиши ушбу амалиётга мос келади.

Шу билан бирга, университет таъсисчиси бўлган «Akfa Medline» МЧЖ университет кампуси ва клиникасини қуриш учун камида 58 миллион АҚШ доллари ажратишни режалаштирмоқда. Aгар университет клиникаси жиҳозларининг доимий равишда янгиланиб турилишини ҳам ҳисобга олсак, инвестициялар ҳажмининг янада кўпроқ бўлиши кутилмоқда.

Имтиёзлар билан боғлиқ вазият ҳам худди шундай. Биринчидан, 130-сонли ВМҚга мувофиқ, университетга тақдим этилаётган имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги «Хусусий соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2863-сонли қарори ҳамда раҳбарият ва мамлакат Ҳукуматининг бошқа қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бошқа университетларга солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш бўйича илгари берилган имтиёзларни такрорлайди.

Бошқа халқаро университетлар илгари шундай имтиёзларга эга бўлганларини ҳисобга оладиган бўлсак, Aкфа университетига солиқ ва божхона имтиёзларининг берилиши рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузмайди», – дейилади баёнотда.

Расмий билдиришда университет таъсисчиси «Akfa Medline» МЧЖ ташаббуси билан 2019/20 ўқув йилида 100 нафар талаба грант ўринларига қабул қилингани, 2020/21 ўқув йилида кириш имтиҳонлари натижаларига кўра икки талаба контрактнинг тўлиқ миқдори учун грант олиши, яна 40 нафар талаба контракт тўлов пулидан 10 фоиздан 75 фоизгача чегирмага эга бўлишига урғу берилган.

Таъкидланишича, мазкур сармоялар ҳажми йилига 58 минг АҚШ долларини ва ушбу гуруҳ талабаларининг бутун ўқиш даврида 348 минг АҚШ долларни ташкил этади.

«Aкфа университети ҳукумат томонидан тақдим этиладиган имтиёзлардан фойда олишни режалаштирмаяпти. Мазкур имтиёзлар, бир томондан, асбоб-ускуналар ва материалларни сотиб олиш харажатларини камайтириш, шунингдек, хорижлик мутахассисларни жалб қилишда сарфланса, иккинчи томондан, тежалган маблағларни мамлакат иқтисодиёти учун кадрларни тайёрлаш ва таълимни ривожлантириш учун қайта инвестициялаш имконини беради.

Ўзбекистон иқтисодиётининг тармоқлари учун замонавий юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун таълимга инвестициялар киритиш зарур ва бунда давлатнинг қўллаб-қувватлаши жудаям муҳим», – дейилади университет расмий изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, «Акфа» университетига қарийб 30 гектар ер доимий фойдаланишга берилиши кўзда тутилган қарор лойиҳаси танқидларга сабаб бўлган, фикр билдирувчилар қарор лойиҳасида «Рақобат тўғрисида»ги ва бошқа қонунларнинг қатор нормалари бузилаётганини айтишган эди.

Монополияга қарши кураш қўмитасига кўра, лойиҳанинг айрим бандлари «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига зид. Қўмитанинг ҳисоблашича, «Акфа университети» МЧЖга олий ўқув юрти кампусининг қурилиши учун имтиёзлар ва ер участкасининг берилиши таълим бозорида фаолият олиб бораётган бошқа хусусий таълим муассасаларига нисбатан устунлик берилишига олиб келади ва рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Ўз навбатида, Давлат активларини бошқариш агентлиги мазкур қарор лойиҳаси агентлик билан келишилмаганини билдирган.

Мавзуга оид